08:53 / 05.09.2020
2 035

“Спартак”нинг энг қиммат футболчиси кетишига Ўрунов сабабчими?

“Спартак”нинг энг қиммат футболчиси кетишига Ўрунов сабабчими?
Москванинг “Спартак” клуби тарихидаги энг катта трансфер соҳиби – нидерландиялик Гус Тиль Германия чемпионатида иштирок этувчи “Фрайбург” жамоасига ижарага юборилганини расман эълон қилди.

Айни пайтда аксарият экспертлар Россия чемпионатига юлдуз сифатида олиб келинган истеъдодли футболчининг ўзини кўрсата олмай қолганини таҳлил қилишга эътибор қаратмоқда. Биз учун энг муҳим аҳамиятга эга жиҳати, Гус Тиль “Спартак”га янги таклиф этилган Остон Ўруновнинг рақобатчиси ҳисобланар эди.

Россия премьер-лигасининг олтинчи турида жароҳатланган Гус Тиль ўрнига, айнан ҳамюртимизнинг майдонга тушгани ҳам бу икки жамоадош ички рақобатчи эканидан далолат беради.

Аслида Гус аввалги бош мураббий Олег Кононов истагига кўра, Голландия чемпионатидан 18 миллион евро ва турли бонуслар эвазига олиб келинган эди. Кононов қўллаган тактикага Тилнинг ўйин услуби жуда мос келарди. Бироқ, кейинчалик жамоа ўйинида пасайиш кузатилиб, бош мураббийлик Доменико Тедескога топширилганидан кейин Гуснинг ҳам “кетмони учмай қолди”.

Айниқса, янги мавсумда у учта учрашувда жами 14 дақиқа ҳаракат қилди, холос. Шунда ҳам жароҳат олиб, уч ҳафтага сафдан чиқди.

Юлдуз сифатида келган футболчининг захирага ўтириб қолиши Гуснинг ўйин услуби бош мураббийнинг тактик схемасига мос тушмаслиги билан изоҳланмоқда. Тедесконинг ғояларини майдонда рўёбга чиқариш учун жамоа қарши ҳужумларда тезкор, дриблингга уста, яккакурашларда енгилмайдиган, прессинг қилишга қодир ярим ҳимоячига эҳтиёж катта бўляпти. Буни асосан Зелимхан Бакаев уддалаяпти. Ўзбекистонлик легионер Остон Ўрунов ҳам айнан шу усулда ўйнайдиган ярим ҳимоячилар тоифасига мансуб. Қолаверса, ҳамюртимизда ҳимояланиш қобилияти ҳам яхши шаклланган ва креатив ўйин намойиш қила олади.

Мутахассислар нидерландиялик футболчи “Спартак”да вужудга келган рақобатга дош беролмаганини таъкидлаяпти. У ички рақобатда Зелимхан Бакаев, Жордан Ларссон, Роман Зобнин, Остон Ўрунов ва Максим Глушенков билан курашиши талаб этиларди.

Албатта, қимматбаҳо футболчини захирада ўтириб, зўрлигини исботлаши муайян вақт талаб этади. Бу катта харажат қилиб қўйган клубга ҳам, собиқ ҳамкасбининг тактикасидан воз кечган бош мураббий ва мўмай маош оладиган футболчининг ўзига ҳам ортиқча босим бўлади. Томонлар учун энг яхши ечим сифатида ўйинчини ўзига мос чемпионатга ўтказиб юборишга қарор қилинди. Унга таклифлар етарлича бўлди ва Гус ватанига қайтишдан кўра, Германияга йўл олишни маъқул топди. “Фрайбург” Гусни бир мавсум ижара асосида ўйнатади. Маъқул келса, келишув яна бир йилга узайтирилади. Шунингдек, немисларда футболчини сотиб олиш ҳуқуқи ҳам қолади.

- Тиль бизда ўйнай олмаётган эди. У юқори даражали футболчи. Уни олиб ўтиришдан ҳеч кимга фойда йўқ, деган қарорга келдик, - деди “Спартак” бош директори Шамиль Газизов.

- Бундеслигада футбол анча тезкор. Бу менинг услубимга мос келади. Шунинг учун ҳам “Фрайбург” таклифини узоқ ўйлаб ўтиришга ҳожат қолмади, - деди Гус Тилнинг ўзи.

Футболчининг агенти Фулько ван Куперен ҳам бош мураббий Доменико Тедеско Гус ўйин амалиётига эга бўлиши учун кетиши кераклигини айтганини маълум қилди.

Шу ўринда Остон Ўруновнинг “Спартак”даги рақобатда имкониятлари ҳақида нима дейиш мумкин?

Гарчи ўзбек футболчиси Россия чемпионатида кам учрашув ўтказган бўлса-да, бу муддат ичида у ўйинидаги кучли жиҳатларни кўрсатишга эришди. Остоннинг курашувчанлиги, тезкорлиги, дриблинги, зарба беришга ва ҳужумга интилиши ва бу жараёнларга креатив ёндашиб, кутилмаган ҳаракатларни қўллаши эксперт назарини ўзига тортмоқда.

Энг муҳими, Ўрунов “Спартак”нинг етакчи ярим ҳимоячилари ва ўз рақобатчиларининг кучли жиҳатларини ўз ўйин услубида мужассам эта олган. Хусусан, Зелимхан Бакаевнинг тезлиги ва дриблинги, Роман Зобниннинг яккакурашлардаги курашувчанлиги, ўз вақтида “Спартак” етакчиларидан бўлган Денис Глушаковнинг меҳнаткашлиги ва кучли зарбасини биргина Остоннинг ўйинидан топиш мумкин.

Ўруновнинг ўйин услуби турли тактикаларни яхши кўрадиган Доменико Тедескога бир учрашув давомида турли схемаларни қўллаш имконини беради. Шу боис, мутахассислар ўзбек футболчиси Гус Тилнинг ўрнини бемалол боса олишини таъкидлашмоқда. Қолаверса, “Спартак”нинг асосий икки трансфери – Остон Ўрунов ва Александр Кокорин жамоанинг ҳимоядан ҳужумга ўтиш тезлигини таъминловчи футболчилар сифатида олиб келинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Спартак”нинг энг қиммат футболчиси кетишига Ўрунов сабабчими?