08:44 / 31.10.2020
952

Бектемир Мелиқўзиевнинг жанги борасида мухлисларнинг тахминлари қандай эди?

Бектемир Мелиқўзиевнинг жанги борасида мухлисларнинг тахминлари қандай эди?
31 октябрга ўтар кечаси АҚШнинг Индио шаҳрида катта профессионал бокс кечаси ташкил қилинади. Яна бир неча соатлардан сўнг, старт олувчи жанг оқшомида ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев WBO Inter-Continental камари учун Алан Кампага қарши рингга кўтарилади. Мазкур жанг аввалида юртимиз бокс ихлосмандлари орасида турли хил фикрлар янграмоқда. Аксарияти Мелиқўзиевнинг ғалабасига ишонишмоқда...

Қуйида, мухлислар томонидан билдирилган сара фикрларни эътиборингизга тақдим этамиз.

Баҳодирхон Абдураҳмонов:
- Бектемирнинг бу жангидан албатта нокаут кутиб қоламиз. Менимча “Golden Boy” тутахассислари томониданбу рақиб танланишининг сабаби у чидамли эканлигида бўлсак керак. Яъни, Бекни яна бир бор синаб олмоқчига ўхшайди. Эътибор берилса, Бекнинг олдинги рақибларининг бўйлари узун бўлгани учун танага берилган зарбалардан кейин нокдаун ҳолатига тушиб қолигандилар. Балки бу боксчи ҳам жангдан сўнг жигарини даволатишига тўғри келар... Яна бир қизиқ тамони Мелиқўзиевнинг промоутерлари шу вазнда WBO чемпиони Билли Жо Сондерсни қулайроқ рақиб сифатида кўраётганга ўхшайди. Сабаби, Бек WBO Inter-Continental камари учун жанг қилса, топ рейтингга кириб олади ва яна битта ёки иккита жанг билан даъвогарга айланиб олиши мумкин. WBO чемпиони Билли Жо Сондерс ҳам охирги жангини сустроқ ўтказди. Шундай экан Бекдан ҳам MJнинг рекордини янгилашини кутиб қоламиз.

Зиёдилла Абдукаримов:
- Aлан Кампанинг жангларини кўриб, уни Бектемирдан тезкорроқ деган фикрдаман.... Қўл тезлиги жиҳатдан албатта устун лекин оёқ ҳаракатлари Кампада жуда кам кўзга ташланади. Бу борада Бектемир ундан анчагина устун. Ҳамюртимиз 1 ёки 2- раундда Кампани нокаутга учратади, дейишга шошилмаган бўлардим. Чунки юртдошимизнинг бу галги рақиби зарбага бардошли ва қарши ҳужумларда фаол ҳаракат қилади. Унутмаслик керакки, у нокаут қабул қилган 2 та жанги (Деревянченко, Ҳарт) бу вазннинг етакчилари билан бўлганди.

Ўйлаб кўрилса, Димитриус Баллард ёки Эрик Базинян сингари мағлубият нималагини билмай келаётган накаутчи боксчилар билан бутун жанг тенг курш олиб борганлиги Кампанинг ўта чидамли ва юқори савиядаги жангчи эканлигидан далолат. Aгар, жангда Бектемир чиройли нокаут билан ғалаба қозонса, бу топ жангчиларга катта чақириқ бўлади. Бу жангда Бектемир Мелиқўзиев рақибини 3 ёки 4 раундларда қорин қисмига зарба бериб, нокаутга учратади, деб ўйлайман.

Алишер Хоринбоев:
- Бектемир ғалаба қозонади. Негаки, ўзбек боксчилари орасида профига энди ўтганларига қарасак, (MJ Какадан ташқари) ҳали топ даражадагилар билан тушмаяпти, қисқароқ қилиб айтганда 51% ғалаба тайин бўлган жанглар ташкил этилмоқда. Лекин мен Бектемирга ишонаман, ҳали ўз даражасини кўрсатади.

Бекзод Низомиддинов:
- Бектемир Мелиқўзиев ҳамда Aлан Кампа ўртасидаги жангда экспертларнинг фикрича ҳамюртимизнинг имкониятлари юқори баҳоланаётган бўлса-да, аммо бу жанг Бектемир учун осон кечади, деб ўйламайман. Aлан Кампа фаолияти давомида 5 маротаба мағлубиятга учраган, аммо у асосан юқори классдаги боксчиларга енгилганини кўришимиз мумкин: 70 кг вазн тоифасида асосий камарлар учун курашаётган украиналик Сергей Деревянченкога (нокаут билан); 79 кг вазн тоифасида Жилберто Рамирес "Зурдо" билан ашаддий рақобатда бўлиб, фақатгина ундан енгилган Жессе Ҳартга (нокаут билан); ҳамда йенгилмас боксчилар ҳисобланган Дмитриус Баллард ва жуда истеъдодли дея баҳоланаётган Ерик Базинянга очколар ҳисобига кўра мағлуб бўлган.

Ушбу жангда Бектемир рақибини нокаут эвазига ҳам мағлуб этиши мумкин. Бекнинг фантастик зарбаси ва юқори босимга асосланган жанг услуби фонида нокаутли ғалабага умид қилсак бўлади. Aммо жанг тўлиқ 10 раунд давом этган тақдирда ҳам бу ҳамюртимиз учун фойдадан ҳоли бўлмайди. "Мир Бокса" промоутерлик компаниясининг менежери ва боксчиларимизнинг таржимони Aлик Фролов Мелиқўзиев учун кўпроқ раунд туриб бера оладиган рақиб айни муддао эканини бот-бот таъкидлаб ўтган. Шунинг учун ҳам 10 раундга мўлжалланган ушбу жанг камида 7-8 раунд давом этса ҳам Бектемир учун ижобий ҳолат дейишимиз мумкин.

Шахсан ўзим ҳам бу жангда Бектемирнинг камида 7-раундда нокаутли ғалабасини ёки тўлиқ 10 раунд натижаси бўйича очколар ҳисобида ғалаба қозонишини тахмин қиляпман. Ишонаманки, Aлан Кампага қарши жанг "Bek Bully" учун катта номларга қарши жанглар олдидан ҳақиқий синов вазифасини ўтиб беради.

Сардор Юсупбоев:
- Бектемир Мелиқўзиев ва Aлам Кампа ўртасидаги жанг анча муросасиз бўлади. Катта тажрибага эга бўлган Кампани нокаут қилиш қийин. Бектемир уни очколар ҳисоби билан ютса керак!

Абдухолиқ Очилов:
- Бу жангда Бектемирга осон бўлмаса керак. Жанг камида 6-7 раунд давом этади, деб тахмин қилмоқдаман. Чунки рақибининг бой тажрибаси, жисмоний имконияти, қолаверса, Бектемирнинг ҳам узоқ вақт жанг қилмаганлиги каби омиллар баҳснинг узоқроқ давом этишига сабаб бўлади, деб ўйлайман.

Жасур Саидмусаев:
- Бектемирнинг бўлажак жанги ҳақида тўхталадиган бўлсак, рақиби рейтинг жиҳатдан олдинги рақибларга қараганда анча юқори... Кампадан қандайдир қаршилик кутса бўлади. Бошқа томондан агар, жанг узоқ давом этса, Бекнинг ҳам жисмоний ҳолати қандай эканлигини гувоҳи бўламиз. Муддатидан олдин Бек жангни якунламасдан ўзини кучини тенг тақсимлаб, жанг қилгани мақул. Бундан буёғига рақиблар савияси юқори бўлаверади. Golden Boy” раҳбари Оскар Де Ла Хоянинг ҳам Бекдан умиди катта эканлигини ҳисобга олсак, чемпионлик жангларини ташкиллаштириш масаласида муаммога дуч келмаса керак.

Олимжон Рихсибоев:
- Бектемир Мелиқузиев Aлан Кампага қарши жангнинг 3-раундида тоза нокаут билан ғалаба қозонади. Чунки ҳамма биладики, профиссионал боксда 1 раунд кўпинча ўрганиш, яъни рақибни кучига баҳо бериш ва жангга киришиб олиш учун сарф бўлади. Иккинчи раунддан бошлаб, Бектемир жигарга йўналтирилган ва нафасни издан чиқарувчи зарбалар билан рақибни анча ҳорғин ҳолатга туширади ва 3-раундда миссияга нуқта қўйиш билан, яъни тоза нокаут билан ғалаба қозонади, деган тахминдаман. Шунингдек, жанг биринчи раундда ҳам тугалланиш эҳтимоли бор.

Аҳмадбек Эшматов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)