Россия футболидаги омадсизликлар истеъдодли ёш футболчимиз Жасур Жалолиддиновнинг руҳиятига салбий таъсир қилган кўринади. Ўтган ярим мавсум давомида “Локомотив” ва “Тамбов” клубларида дебютини кутган легионеримиз москваликлар билан беш йиллик шартномани бекор қилганидан кейин жамоа танлаши анча қийин кечди.
Гарчи унинг манфаатларини ҳимоя қилаётган ва “Локомотив”га ўтишида бош бўлган “Soccer Career” консалтинг компанияси раҳбари Юрий Белоус Жасурга марказий Европа, Скандинавия ва Яқин Шарқ мамлакатлари жамоаларидан таклиф борлигини бир неча маротаба таъкидлаган эди.
Бироқ, Тошкентга қайтиб, “Бунёдкор” сафида шуғулланиб юрган Жалолиддинов Суперлигамизнинг янги мавсуми олдидан “Андижон” жамоаси билан шартнома имзолади.
Россиялик журналистлар матбуот диққат марказида турган Жалолиддиновнинг бу қарори бўйича Юрий Белоус билан савол-жавоб қилди.
- Биринчидан, мен Жасурнинг агенти эмасман. Мен унинг Россиядаги фаолиятига ёрдам берганман холос. Иккинчидан, унда бир нечта аниқ таклифлар бор эди. Масалан, Испаниянинг Сегундасидан. Шунингдек, бу футболчига “Рух”, кипрнинг “Пафос”, Украина ва Россия жамоаларидан қизиқаётганди. Иккинчи Бундеслигадан таклифлар бўлганди. Охир-оқибат у Ўзбекистонда қолиб, фаолиятини қайта тиклашга қарор қилди.
- Европа вариантини унинг ўзи рад этдими?
- Ҳа, Жасурнинг ўзи бундан бош тортди. Унга Россия премьер-лигаси ва Миллий футбол лигасидан ҳам чорловлар бор эди. У ёш йигит, 18 яшар ва бутун фаолияти ҳали олдинда. У кучли футболчи бўлиб етишадиган истеъдодли бола.
- Унга Ўзбекистонга қайтишни ким маслаҳат берди?
- Билишимча, унинг яқинлари ва биринчи мураббийи. “Андижон” чемпионатнинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланмайди. Жасур уларга ёрдам бера олади.
- Унинг собиқ клуби “Бунёдкор” варианти кўриб чиқилмадими?
- Менимча, кўриб чиқилди. Улар Жасурни катта мамнуният билан олган бўларди. Бироқ, клубнинг бюджети чегараланган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам сайтимизга берган интервьюсида Жасур Жалолиддиновнинг танловини оқламади.
- Жалолиддиновнинг “Андижон”га кўчиб ўтишини яхши, деб ҳисобламайман. Эҳтимол, мен бу гап билан хато қилаётган бўлишим ҳам мумкин. Чунки унга Европадан ҳам таклифлар борлиги ҳақида гап-сўзлар юрганди. Аммо у бундай йўл тутмай, ортга қайтишни истади. Жалолиддиновнинг режалари қандайлигини билмайман ва буни муҳокама қилишим тўғри бўлмаса керак. Менга маълумки, Жасурда Европага йўл олиш имконияти ҳам йўқ эмасди. Бинобарин, Туркияга. Балки мен хато қилаётгандирман. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, унинг қайтиб келганини тўғри қарор, деб баҳоламайман. Агар Жасур Жалолиддинов Европада маълум вақт тўп сурганида, ўзи учун жуда яхши бўларди, - дейди Абрамов.
Дарҳақиқат, Жасур Жалолиддинов буёғига ўз ўйинини топиб олиши керак бўлади. У ярим йилдан ошиқроқ муддат расмий учрашувларда майдонга тушмади. Бу ҳар қандай футболчининг ўйинига салбий таъсир қилади.
Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсуми 9 мартдан старт олади. “Андижон” илк учрашувини 11 март куни сафарда “Қизилқум”га қарши ўтказади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Родри "Олтин тўп" учун сўровномада кимга овоз бергани маълум бўлди