08:30 / 11.03.2021
1 988

Абрамов: "29 март куни Тошкентда Ироқ билан ўйнаймиз, аммо Япония вариантидан воз кечишимизга тўғри келди"

Абрамов: "29 март куни Тошкентда Ироқ билан ўйнаймиз, аммо Япония вариантидан воз кечишимизга тўғри келди"
Режа бўйича март ойида ЖЧ-2022 саралаш баҳсларининг навбатдаги учрашувлари ўтказилиши лозим эди. Бироқ яна терма жамоаларнинг расмий учрашувлари қолдирилди. Бунга ўша пандемия сабаб.

Терма жамоалар иштирокидаги беллашувларнинг қолдирилиши албатта миллий термамизни ҳам четлаб ўтмади. Устига-устак 20 мартдан кейин ФИФА кунлари бошланади. Вадим Абрамов бошчилигидаги бош жамоамиз расмий ўйинлар ортга сурилаётгани боис асосан ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда ўртоқлик учрашувларини ўтказиб келмоқда.

Вакилларимизнинг охирги йиғини Дубайда ўтказилганидан хабарингиз бор. Хўш, терма жамоамизнинг навбатдаги режаси қандай? ФИФА кунларида яна назорат учрашувлари ташкил этилиши мўлжалланган. Бу борада бош мураббий Вадим Абрамов шундай деди:

- Ҳозирча биз 20 мартда навбатдаги йиғинни ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Ёдингизда бўлса, Ироқ билан ўртоқлик мақомида учрашиш борасида келишув бор. Яна шуни айтишим керакки, терма жамоамизда Японияда ҳам ўйин ўтказиб келиш имконияти йўқ эмасди. Бироқ юзага келган вазият туфайли у ерга борган тақдиримизда ҳам уч кун ўтиришимиз керак экан. Чунки вазият шуни тақозо этади. Шу боис Япония вариантидан воз кечишимизга тўғри келди.

Биз бу йиғинга чет элда тўп сураётган ўйинчиларимизни ҳам чақиришни режалаштириб қўйганмиз. Агар йигитлар кечикмасдан 17 март куни Тошкентга етиб келишса шундан сўнг Япония сафари билан боғлиқ масалага қайтиш мумкин бўларди. Шундай бўлган тақдирда ҳам аввал Сеулда тўхташ қилиб, кейин Японияга учишимиз ва у ерда уч кун карантинда ўтиришимизга тўғри келади. У ердан қайтгандан сўнг, Ироқ билан беллашиш эса жуда қийин бўлади. Шу боисдан Япония сафарини қолдиришга қарор қилдик.

Энди 25 март куни қандай жамоа билан беллашиш учун рақиб қидиришимизга тўғри келади. Эҳтимол, ўша ўйин Тошкентда, балки юртимизга яқин бўлган ўзга юртда ўтиши ҳам мумкин. Фақат шуниси аниқки, 29 март куни Тошкентда Ироқ билан ўртоқлик учрашувида ўйнаймиз, - деди Абрамов.

Эслатиб ўтамиз, миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 саралаш баҳслари доирасида муҳим ўйинлар кутиб турибди. Бироқ пандемия сабабли яна бир бор расмий баҳслар ортга сурилди. Энди Абрамов терма жамоани ёзгача янада яхшироқ тайёрлаш имкониятига эга бўлади.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абрамов: "29 март куни Тошкентда Ироқ билан ўйнаймиз, аммо Япония вариантидан воз кечишимизга тўғри келди"