16:09 / 18.03.2021
1 427

Дилшодбек Рўзметов: "Мақсадим - Токио Олимпиадаси, хато қилишга ҳаққим йўқ!"

Дилшодбек Рўзметов: "Мақсадим - Токио Олимпиадаси, хато қилишга ҳаққим йўқ!"
81 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчилар ҳар доим кучлилар сафидан ўрин олиб келган. Уларнинг йўлини ҳозирда ёш истеъдодли чармқўлқоп устаси, жаҳон вице-чемпиони Дилшодбек Рўзметов муносиб давом эттириб келмоқда.

Яқиндагина “Странжа” халқаро турнири ғолибига айланган Дилшодбек Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритмаган бўлса-да, унинг иштирок этиши ва тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида юртимиз байроғини сарбаланд қилишига ишончимиз юқори...

Биз ушбу боксчимиз билан боғланиб, унинг фаолиятига бироз назар ташлаган ҳолда суҳбатга тортдик.

- Дилшодбек дастлаб анъанавий саволдан бошласак, умуман бокс оламига кириб келишингиз тарихи қандай бўлган. Одатда, кўплаб машҳурларнинг спортга кириб келишига жиддий ҳолатлар, қизиқ воқеликлар сабаб бўлади?
- Боксга кириб келишимга дадам сабабчи, дадам ва акаларимнинг ўзлари курашчи бўлган. Афсонавий Муҳаммад алининг жангларини кўрсатиб, сен боксчи бўласан, дерди. Яратганни инояти билан дадамнинг истаклари ва орзуларини амалга оширмоқдаман.

- Хоразмлик эканлигингизни инобатга олсак, барибир ушбу замин боксчиларидан бирига ҳавас қилганлигингиз аниқ ёки адашдимми?
- Ҳа, албатта. Хоразмдан яхши савиядаги боксчилар чиққан. Улар ва юқорида таъкидлаб ўтганимдек Муҳаммад Али ҳамда Василий Ломаченкога ёшлигимдан ҳавас қилганман.

- Биринчи мураббий аксарият ҳолатда шогирдининг келажагини белгилайди. Яъни, мактаб тўғри йўлга қўйилиши керак. Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, дастлабки бокс сир-асрорларини кимдан ўргангансиз?
- Илк мураббийим хоразмлик Илҳом Саъдуллаев бўлган. Шу инсондан бокснинг дастлабки сабоқларини олганман. Шу ўринда ушбу мураббийимга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

- Ҳозирги эришаётган муваффақтяларингизда Фаррух Қиличевнинг ҳам беқиёс хизмати бор, шундай эмасми?
- Шубҳасиз, жуда катта ҳиссалари бор. Менга бор меҳнатини аямай, муваффақиятсизликда далда бериб, янада кучлироқ бўлишга ўргатади.

- Катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида неча марта иштирок этгансиз ва натижалар қандай бўлган?
- Уч марта қатнашганман. 2017 йил илк уринишимда чорак финалга етиб боргандим. 2018 йил эса, 2-ўринни, 2020 йил 1-ўринни қўлга киритдим.

- 81 кг вазн тоифасида ҳаракат қиласиз, габаритингиздан келиб чиқиб айтганда, бу сиз учун идеал вазн бўлса керак?
- Албатта, мен учун жуда қулай. Сабаби, ортиқча вазнда юрмайман. Вазн ташламайман, ўзимнинг табиий оғирлигим 81 кг ни ташкил қилади.

- Барибир юртимизда бу вазн тоифасида ҳам маҳоратли боксчилар бор. Улардан кимларни ижобий маънода асосий рақобатчи сифатида кўрасиз?
- Юқори савиядаги боксчилар жуда кўп. Улар орасида Козимбек Мардонов ҳамда Шоҳруҳ Рустамовларни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.

- Жаҳон миқиёсидачи?
- Асли кубалик Озарбайжон номидан чиқадиган Лорен Альфонсо Домингес, англиялик ва қозоғистонлик боксчиларни айтиб ўтишим мумкин.

- Кутилмаганда Иорданиядаги лицензион турнирда мағлуб бўлдингиз. Буни нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
- Барчаси Аллоҳдан! Бундан қаттиқ қайғуга тушганим йўқ. Бу менга жуда катта дарс бўлди ва ўз устимда янада яхшироқ, кучлироқ ишлай бошладим.

- Аксига олиб, сўнгги лицензион турнир бекор қилинди ва энди, рейтингга қараб Токио йўлланмаси тақдим этилади. Рейтингда сиз яққол етакчилардансиз. Лекин янгиланган рейтинг қандай бўлади, қайси мусобақадан келиб чиқиб тузилади, бу номаълум. Мазкур ҳолат сизни хавотирга солмаяптими?
- Тўғри, лицензия энди рейтингга қараб берилади. Менинг очколарим эса етарлича, назаримда сўнгги жаҳон чемпионати бу борада муҳим роль ўйнаса керак. Шунинг учун хавотирга тушаётганим йўқ. Ҳар бир синов яхшилик учун деб ўйлайман!

- Профессионал бокс ҳақида ўйламаяпсизми?
- Насиб қилса, профессионал боксда ҳам фаолият юритиш ниятим бор. Фақат Олимпиададан сўнг бу йўналишда ҳам ўз юришимни бошлайман.

- Балки, ҳозирдан сизга промоутерлик компаниялардан қизиқишлар бўлаётгандир, бу ўзбекистонлик боксчилар учун табиий ҳолатга айланиб улгурдику?
- Ҳа, жуда кўп таклифлар бўлди. Бироқ, Олимпиададан кейин ва мураббийларим билан маслаҳатлашган тарзда иш кўраман. Ҳозирда асосий мақсадим Олимпиада!

- Сир бўлмаса, қайси промоутерлик компаниялардан таклифлар бўлди?
- Мен “Мир бокса”ни биламан. Қолганлари мураббийларимга маълум...

- “Странжа” турнирида яхши савиядаги рақибларни мағлуб этдингиз. Айтингчи, улар орасида қай бири сизга нисбатан ноқулайликлар туғдирди?
- Бу турнирда хеч бир рақибимга қарши жангда қийналмадим. Чунки, жуда яхши “форма”га кирганимни ҳис қилдим. Олдимда жуда масъулиятли турнирлар бор ва энди хато қилишга ҳаққим йўқ!

- Терма жамоа сафида ва умуман боксчиларимиз орасида футболни яхши кўрадиган ва майдонда ҳам жуда зўр ўйнайдиганлар талайгина. Жумладан, Шаҳобиддин, Ҳасанбой, Шаҳрам, Баҳодир, Исроил... ?
- Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Футболни жуда яхши кўраман. Ёшликдан футбол ўйнаб катта бўлганмиз. Очиғи, бу борада яхшигина талантим бор. Бироқ, ўзим ўйнашни ёқтираман. Мухлислик қиладиган клубим ва футболчим йўқ.

- Шу ўринда бокс мухлисарига ўзингизни дил сўзларингиз ва тилакларингизни айтиб ўтишингиз мумкин?
- Мухлсиларга жуда катта миннатдорчилик билдириб қоламан. Улар бизни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб туради. Қолаверса, ёш боксчиларимизга келажакдаги фаолиятларига омад тилаб қоламан. Ўйлайманки, бизга ишонаётганларни ишончини оқлаб, яхши натижалар қайд этишда давом этамиз!

- Олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эришиб, орзуларингиз амалга ошишига тилакдошмиз!
- Эътибор учун катта раҳмат!

Аҳмадбек Эшматов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Дилшодбек Рўзметов: "Мақсадим - Токио Олимпиадаси, хато қилишга ҳаққим йўқ!"