21:03 / 22.04.2021
2 784

"Пахтакор"нинг мавсумлар оралиғидаги 3 хатоси


Жамоаларимизг мағлубиятга учраган ўйинлардан кейин эътирозлар, камчиликлар ва танқидлар юзага келишига одатланганмиз. Буни табиий ҳол сифатида ҳам қабул қилишимиз мумкин.

Ҳозир "Пахтакор"нинг ОЧЛдаги ўйинлари, унинг атрофидаги воқеалар ва мағлубият сабабларини изламоқчи эмасман. Шундоқ ҳам бу борада кўп ва хўб гапириляпти. Чунки жамоанинг ҳозирги камчиликлари, йўл қўйилаётган хатолари кеча ёки бугун юзага келмаган. Ҳаммаси мавсум старт олмасдан олдин бошланиб бўлганди. Қуйида шу ҳақида гап боради.

Одил Ҳамробековдан сўнг очиқ эшикка айланган таянч ярим ҳимояси
Ҳар қандай жамоада таянч ярим ҳимоячилар муҳим ўрин тутади. Ушбу позиция вакилларининг асосий вазифаси рақиб ҳужумини бузиш, яъни "қора" ишни бажариш ва жамоасининг янги ҳужумини фаоллаштириш. Шу мавсумга қадар "Пахтакор"да бундай масъулият Одил Ҳамробековнинг зиммасига юклатилаётган ва у вазифасини аъло даражада уддалаётганди. Жамоа ҳужумларининг кескин тус олишида Чераннинг хизматлари катта бўлсада, унгача бўлган жараёнда барча ишни Ҳамробеков ва Собирхўжаев жуфтлиги амалга оширарди.

"Пахтакор"да қолиши кутилган ярим ҳимоячи қишнинг сўнгги кунларида БААнинг "Шабаб Ал Аҳли" жамоасига ижарага берилди. Агарда бундай вазият юз беришига молиявий қийинчилик сабаб бўлган бўлса, амирликлар клуби Ҳамробеков учун арзимас пул ўтказиб берган. Одилнинг кетиши жамоанинг таянч ярим ҳимоясида катта тешикни ҳосил қилди. Эътибор берган бўлсангиз, "Трактор", "Шаржа" билан ўйинларда рақиблар деярли барча голларни марказдан ёриб ўтиб уришди. Ярим ҳимоячилар ва кейинги планда ҳимоячилар Кайонинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўйиб беришди.

Игорь Сергеевнинг қўйиб юборилиши
Жамоанинг ҳужум чизиғида катта ҳажмдаги ишни бажариб келган, кўплаб голлари билан қийин паллаларда ёрдамини аямаган Игорь Сергеев жорий йилнинг бошида "Актобе"га йўл олди. Натижада жамоада биргина форвард Эрен Дердийок қолди, холос. Унга рақобатчи эса айни пайтда йўқ, десак муболаға бўлмайди. Умуман швейцариялик ҳужумчининг Сергеевдан деярли устун жойи йўқлигига нафақат биз, балки оддий мухлис ҳам гувоҳ бўлди. Статистика: 2020 йил Суперлигада Сергеев 24та ўйинда 16 та гол урган, ОЧЛда 2та, Ўзбекистон кубогида 4та гол урган.

Эрен Дердийок 22та учрашувда рақиблар дарвозасини 9 бор аниқ нишонга олган. ОЧЛда 2та гол, мамлакат кубогида 3 бор рақиб дарвоасини ишғол қилишга эришган. Ўзингиз хулоса қилиб олишингиз мумкин.  Билишимизга қараганда, ўтган мавсум якунида клубнинг собиқ президенти Сергеевга йилига яхшигина суммани таклиф қилган. Дастлаб, Игорь бу таклифга розилик билдирмаган. Орадан қисқа вақт ўтгач Сергеев майли дея кўнади. Бироқ клубнинг собиқ президенти унга бошқа жамоа топаверишини айтган. Бугунги кунда "Пахтакор"да юқорида тилга олинган икки шахс ҳам йўқ. Бундан ким зарар кўряпти? Албатта, жамоа. "Насаф" билан Суперкубок баҳси бошланишидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида ҳужумдаги муаммо ҳақида Питер Хюистрага юзланганимда у шундай деганди: 

- Улуғбек Ҳошимов, Шоҳрух Маҳмудхожиевлар ҳужумда муаммо бор пайтда бошқа жамоаларга бериб юборилиши тушунарсиз ҳолатдек туюлди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Айтиб ўтган икки футболчингизни бошқа жамоага бориб қўшилиши табиий ҳолат. Гоҳида футболчини келажаги ва тажриба тўплаш учун қўйиб юбориш керак бўлади. Умид қиламанки, кучлироқ бўлиб қайтишади. Демак, бундан ташқари янги футболчилар ҳужум чизиғида ўйнай олишади. Эрен жароҳат олса, янги ижрочиларни ҳужумда ўйнатамиз. Трансфер ойнаси ҳали ёпилмади. Ҳужумчи қидириш ишлари давом этмоқда. Тўғри, ўтган йилгига қараганда ҳужумда муаммо бор. Ўйлайманки, аввалги мавсумдагидан ўйин услубида, натижаларда катта фарқ бўлмайди.

Жамоа трансферлар вақтида бошқа ҳужумчи ололгани йўқ. Питер Хюистрада бошқа вариант ҳам бор эди. Юқоридаги диалог саволида келтирилганидек Улуғбек Ҳошимов ва Шоҳруҳ Маҳмудхожиев вариантини синаб кўриш. Бу ҳақида кейинроқ.

Ҳужумчи йўқ паллада Ҳошимовнинг "Нефтчи"га бериб юборилиши
Тепада таъкидланганидек Питер Хюистранинг олдида ҳужумда синаб кўриш учун Сергеев кетган тақдирда яна бир номзод бор эди. Бу ўринбосарлар жамоасида тўп тепган, Ўзбекистон ёшлар термаси аъзоси Улуғбек Ҳошимовдир. "Пахтакор" академияси тарбияланувчиси ҳисобланган ҳужумчи бу йил асосий таркибда кашфиётлардан бири бўлиши ва катта эҳтимол Дердийокка рақобат туғдириши мумкин эди. Бироқ, шундоқ ҳам ҳужумда муаммолар гирдобига ўралашиб қолган клуб Ҳошимовни "Нефтчи"га трансфер қилди. Бу эса мантиққа тўғри келмайди. Нидерландиялик мураббий "Шаржа" билан баҳсда Черанни ҳужумда синаб кўрди. Бироқ у кўпроқ ҳужумчи ортида фойдалироқ кўринади. Championat.asia сайти маълумотига кўра, "Нефтчи" Ҳошимов учун 200 миллион сўм тўлаган. Клуб шунча тарбиялаб арзимас пулга бериб юбормоқда. Эсласангиз пайтида Элдор Шомуродовнинг трансферидан "Бунёдкор" ҳам кам миқдорда пул олганди. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Улуғбек Ҳошимовга ўтган мавсум "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе битта ўйинда имконият тақдим қилди. Суперлига 23-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" билан кечган учрашувнинг 85-дақиқасида майдонга тушган ва 6 дақиқа ўйнаганди. Яна бир маълумот, футболчи бугунги кунда Элдор Шомуродов мижози бўлган "Prosport managament" агентлиги билан шартнома имзолаган. Бундан ташқари, "Пахтакор" футболчилари Хожимуҳаммад Эркинов, Иброҳим Ҳалил Йўлдошев ҳам шу агентликка тегишлидир. Бу миш-миш ёки оддий гап эмас. Ташкилот ўзининг инстаграмдаги канали бу борада аниқ маълумот берган. Балки, тез  орада Ҳошимовни легионер сифатида бирор хориж жамоасида кўрармиз. 

"Пахтакор"нинг гуруҳ босқичида учта ўйини қолган. Питер Хюистра мавжуд муаммоларни қисқа вақтда қай даражада ҳал қила олишини вақт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам ниятимиз холис. Зеро дўст ачитиб гапирар, душман кулдириб. Мақсадимиз душманлик эмас. Ўзбекистон номидан халқаро майдонда иштирок этаётган жамоамизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Пахтакор"нинг мавсумлар оралиғидаги 3 хатоси