20:03 / 01.06.2021
3 253

Максим Шацких: Жалолиддиновнинг келажаги, Абрамовга қанчалик ишониши, Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиши мумкинлиги ҳақида


Куни кеча Украинада Валерий Лобановский хотирасига бағишлаб Украина U-21, Озарбайжон U-21 ҳамда Ўзбекистон U-21 терма жамоалари ўртасида ўтказилган мусобақада Тимур Кападзе бошқарувидаги ёшларимиз рақибларини мағлуб этиб бош совринни қўлга киритди.

Ушбу учрашувларни бевосита стадионда кузатиб борган ҳамюртимиз Максим Шацкихда ҳам ёш футболчиларимизнинг ўйинлари яхши таассурот қолдирди. Шу ва бошқа масалалар бўйича Шацких sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Максим Александрович, Ўзбекистон ёшлар терма жамоамизнинг Украинада ташкил этилган мусобақадаги иштирокини бевосита кузатдингиз. Айтинг-чи, сизда қандай таассурот қолдирди?
- Жамоанинг яхши ўйини кўпчиликка ёқди. Йигитларга қойил. Улар ҳар бир учрашувни ўз фойдаларига ҳал этиш учун астойдил ҳаракат қилдилар.

- Терма жамоамизда қайси ўйинчимиз сизга кўпроқ ёқди? Масалан, мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлган Жасур Жалолиддинов ҳақида нима дейсиз?
- Ҳа, у менда яхши таассурот қолдира олди. Майдондаги ақлли хатти-ҳаракатлари ҳам менга маъқул бўлди. Футболчининг техник ўйинлари мақташга арзигудек. У шу жиҳатлари эвазига ҳам ҳисобига голлар ёзиб қўйишга муваффақ бўляпти.

- Уни Украина жамоалари ҳам кузатяптими? Айтайлик, Жасур қайси украин клубига мос тушиши мумкин?
- Ҳозирча унга Украинадаги бирор-бир клуб томонидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида ҳеч нарса эшитганимча йўқ. Шак-шубҳасиз у ўз олдига жиддий мақсадлар қўядиган клублардан бирида ўйнаб кета олади. Лекин шунинг баробарида Жалолиддинов ўз устида астойдил ишламоғи керак.

- Мусобақа давомида терма жамоамиз устози Тимур Кападзе билан ҳам учрашдингизми? Кўпчилик уни яхши мутахассис дея баҳоламоқда...
- Афсуски, у билан юзма-юз кўришишнинг иложи бўлгани йўқ. Қолаверса, бор-йўғи иккита ўйин орқали бу масалани муҳокама қилиш ўта қийин ишдир. Аммо унинг жамоаси яхши таассурот қолдирди. Кападзега янги ишида омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

- Тез орада миллий терма жамоамиз Саудия Арабистонида ЖЧ иккинчи саралаш босқичидаги охирги учрашувларини ўтказади. Албатта, аксарият мухлисларимизда хавотир бор. Саудияни ютишимизга ишончингиз комилми?
- Бу – футбол. Албатта, Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги бўлажак ўйинларни кутиб қоламан ва ўша беллашувларда унинг учун қайғураман. Кучли рақибни енгиш учун бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқ даркор бўлади.

- Шахсан сиз Вадим Абрамовга ишонасизми?
- Ҳар бир мураббийдан натижа кутилади. Мураббийларнинг иши натижага қараб баҳоланади. Абрамов ҳам бундан мустасно эмас. У вазифани бажариши керак, акс ҳолда терма жамоада унга жой қолмайди!

- Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида Абрамовга нима деган бўлардингиз?
- У миллий терма жамоанинг устозидир. Албатта, Абрамов олдига қўйилган вазифанинг нақадар залворли эканлигини ҳис қилган ҳолда ишлаяпти ва терма жамоа учун қайғураётгани айни ҳақиқат.

- “Ротор” клубидан кетишингиз нима билан боғлиқ? Янги таклифларни кутяпсизми?
- Бу жуда кишини ўйлантириб қўядиган саволдир. Мураббий шу вазифада меҳнат қилар экан, бошқа ҳамма нарсани унутиб бутун диққат-эътиборини – айтиш мумкин бўлса, сутка давомида қаратмоғи даркор. Ҳозирча бутун эътиборимни оиламга қаратганман. Янги чорловларни кутиб қоламан.

- Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламаяпсизми?
- Менга келсак, хизматимга таклифлар бўлишига шубҳа қилмайман.

- Айнан Ўзбекистонданми?
- Бу масалада бир нарса дейишим қийин. Таклифларни кутиб қоламан. Ҳар қандай таклифлар учун очиқман. Менга қаерда ишлашнинг, жумладан Ўзбекистондами, фарқи йўқ.

- Дарвоқе, Элдор Шомуродов иккинчи Шацкихми ёки...
- Ҳар бир футболчи – бу фақат ягона ўйинчидир. Фақат шундай бўлиб қолади. Турли ўхшатишларни унчалик хуш кўрмайман. Бирор-бир ижрочини бошқаси билан таққослаш, солиштириш керак эмас.

- Сизнингча, Шомуродовни олдинда нима кутяпти? У “Женоа”дан кейин қайси клубга кетгани маъқул?
- Ҳар бир футболчига – ҳар куни ўз устида ишламоғи шарт деб ҳисоблайман. Фақат ишга шу тариқа ёндашув туфайлигина футболчи нималаргадир эришиши мумкин бўлади.

Шуҳратбек Жўраев


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: Жалолиддиновнинг келажаги, Абрамовга қанчалик ишониши, Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиши мумкинлиги ҳақида