Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Пахтакор” ҳам давралар оралиғидаги машғулотларини давом эттирган ҳолда бўлажак баҳсларга ҳозирлик кўрмоқда. Таркибда айрим ўзгаришлар юз берганидан хабарингиз бор. Клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов sports.uz сайтига бир қатор масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
“Хюистра жамоага 2-3 кун олдин қўшилди”
- Йиғинимизни асосан Қибрайда ўтказдик, ҳеч қаерга чиқмадик. Сабаблардан биттаси пандемия билан боғлиқ. Қибрай бизга жуда қулай. Машғулотларимизни бир маҳаллик режимда олиб бордик. Қолаверса, барча машғулотларимиз мен, Собир Ходиев ва Ласло Ямбор бошчилигида ўтди. Чунки бош мураббий билан ёрдамчиси бироз бетоб бўлгани сабабли тайёргарликнинг асосий қисмини ўзимиз ўтказдик десам ҳам бўлади. Албатта, ҳаммасини бош мураббий билан маслаҳатлашган ҳолда уни дастури бўйича ўтказдик. Питер Хюистра бизга икки-уч кун олдин қўшилди. Энди уни ўзи машғулотларни олиб боряпти. Йиғинимиздан кўнглимиз тўлди. Аммо ўртоқлик учрашувилари ўтказмадик. Бунга бош мураббийнинг йўқлиги сабаб бўлди.
“Трансферлардан кўнглимиз тўлди”
- Трансферлардан кўнглимиз тўлди. Одил Ҳамробековни қайтардик, у билан 1,5 йиллик келишувга эришдик. Достон Ҳамдамовни ҳам қайтаришга муваффақ бўлдик. Ҳамробеков сингари Ҳамдамов билан ҳам 1,5 йиллик шартнома имзоладик. Ҳужумчига келсак, биз бу позицияга жуда кўп қидирдик. Бир нечтасини кўрдик. Қисқача қилиб айтсам, ҳужумчини бориб ўзини кўриб келиш муаммо бўлди. Нимага? Европа чемпионати ўтгани сабабли маҳаллий чемпионатлар тўхтатиб турилди. Шунинг учун ўйинчини бориб кўриш қийин эди. Боян Матични танлашимизни сабаби, у “Партизан”да ўйнаган. Ўйинларини видео орқали кўрдик.
Жамоамизга мос келадиган ҳужумчи бўлгани учун Матич танланди. Тўғри, бу вазиятда катта таваккалчилик бор. Боя айтдим-ку, ҳамма жойда ҳужумчи масаласи муаммо. Ўзбекистонга Европадан ҳужумчи жалб қилиш қийин. Матич жамоамизда яхши ўйнаб кетади, деган умиддамиз. “Пахтакор”га қанчалик мослашиб кетишини вақт кўрсатади. Ҳозирча Боян Матич билан беш ойлик шартнома туздик. Ўйинлари билан бизга маъқул келса, унга яна яхши шартнома таклиф қиламиз.
“Матич Черан каби яхши таассурот қолдиради, деб умид қиламан”
- Авваламбор, биз Игорь Сергеевни қайтаришга ҳаракат қилдик. Лекин уни “Тобол” клубига ўтгани сабабли “Пахтакор”га қайтариш имконияти бўлмади. Сергеев “Тобол” билан келишувга эришганди. Шунга қарамай, биз ҳам ҳаракат қилдик. Кейинчалик Матич номзодида тўхтадик. Ўйлашимча, бу ҳужумчи Дердийокнинг ўрнини босади. Бизга кучлироқ ҳужумчи керак эди. Юқорида айтдим, биз футболчини жонли равишда кўриб кела олмадик. Легионерлар ҳамма клубларда муаммо. Шу сабабли имкон қадар жойига бориб ўзимиз кўришни истаймиз. Масалан, Драган Черанни Ўзбекистон учун топ-легионер деб ҳисоблайман.
Ҳозирги кунда Марко Станоевич ҳам “Насаф”да ўзини кўрсатяпти. Қолган легионерлар бўйича саволлар кўп. Мухлисларимиз битта нарсани тўғри тушунишларини хоҳлардимки, легионер олаётганда уларни Ўзбекистонга жалб қилиш қийин. Нимага яхши савиядаги легионерларни олиб келмаймиз, деган саволлар ва танқидлар кўп бўлади. Хорижлик яхши футболчини танлаётганда фақатгина бизни хоҳишимиз роль ўйнамайди, уларни ҳам хоҳиши инобатга олинади. Мана шу жараёнларни ҳам ҳисобга олиш керак. Биз ҳам яхши легионерларни олиб келишни хоҳлаймиз. Аммо аксарият ҳолатларда 28-30 ёшдан юқори бўлган ўйинчилар келади. Ёшроқ футболчилар кўпроқ Европада тўп суришни хоҳлайди.
Қолаверса, 30 ёшдан ошган ўйинчилар ҳам кўпроқ Саудия Арабистони, Қатар, БАА сингари чемпионатларга боришга ҳаракат қилади. Чунки у ерларда маблағни бизга нисбатан 2-3 баробар кўпроқ тўлашади. Шунинг учун легионер муаммоси “Пахтакор”да ҳам, бошқа клубларда ҳам бор. Боя айтганимдек, легионерни бориб кўриш қийин. Аввало ҳамма жойда пандемия. Футболчини йиллар давомида кузатиш керак. Аммо шунга яраша биз кимнидир анча вақт кузатсагу, кейин уни қўлга кирита оламизми? Масалан, “Барселона” ёки “Реал” кимнидир ёқтирса, уни 2-3 йил кузатади, кейин таклиф қилади. Бизда бундай имконият йўқ. Бизга югуриб келгани “Барселона” эмасмиз. Клубларни тўғри тушунаман, барчаси хорижлик ўйинчини таклиф қилаётганида катта таваккалчилик билан оладилар. Боян Матич “Пахтакор”да Черан каби яхши фаолият кўрсатади, деб умид қиляпмиз.
“Рашидовнинг ўрнини тўлдирдик, аммо Йўлдошев кетса...?!
- Сардор Рашидовнинг кетиши бизга йўқотиш бўлди-ю, аммо унинг ўрнини Достон Ҳамдамовни қўлга киритиш орқали тўлдира олдик. Агар Иброҳимхалил Йўлдошев кетадиган бўлса, уни ўрнини қоплашимиз қийинроқ бўлади. Чунки чап қанот ҳимоячилари шорт-листимизда йўқ. Бу борада битта вариантимиз бор. Мабодо, Йўлдошев кетадиган бўлса, шу вариант бўйича футболчини олишга ҳаракат қиламиз.
“Собирхўжаев ўзимизга ҳам керак”
- “Пахтакор”да деярли барча ўйинчиларимизга таклифлар бор. Ўзбекистон клублари ҳам кўплаб таклифлар билан чиқишади. Асосан Сардор Собирхўжаевга четдан жиддий қизиқиш бўлди. Мана, Сардор Рашидовга таклифлар бўлганди, у кетди. Тўғриси, Собирхўжаевни жамоамизда сақлаб қолишни хоҳлаяпмиз. Ҳозир музокаралар олиб боряпмиз, насиб қилса кейинги йилга у билан шартномани узайтириш ниятимиз бор. Гапнинг очиғи, Сардор Собирхўжаев бўйича бошқа клублар билан гаплашишни ҳам хоҳламадик. Бу футболчи ўзимизга ҳам керак. Шартнома тугаётган бўлса ҳам бош мураббий уни қолишини истади. Шунинг учун унга бўлган таклифларни ҳатто кўриб ҳам чиқмадик. Собирхўжаевга Осиёнинг яхши клублари таклифлар билан чиқишди.
“Чемпион бўлиш осон, уни ҳимоя қилиш қийин”
- Ҳамма бизга асосий рақиб. Эскитдан барча билади, “Пахтакор”га қарши клублар 2-3 баробар қўшимча куч билан ўйнайди. Чемпионликка келсак, биринчи бешликда бораётган жамоалар курашади деб ўйлайман. “Насаф”, АГМК... “Сўғдиёна” бу йил анча барқарор ўйин кўрсатяпти. Бу ёқда “Қизилқум” ҳам бор. Жамоамизни кучсизланиб қолди дейишим қийин. Негаки, таркиб ўзагини сақлаб қолдик. Достон Ҳамдамов билан Одил Ҳамробеков қайтганидан кейин янада кучайдик деб ҳисоблайман. Умуман олганда, таклиф қилган уч нафар ўйинчимиз жамоани кучайтиради. Ҳозир ҳамма клублар кучайяпти. Чемпионатнинг иккинчи қисми ҳам биз учун қийин ўтади. Икки йил кетма-кет чемпион бўлдик. Чемпион бўлиш осон, уни ҳимоя қилиш қийин, деб бежизга айтмайдилар.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб борингCtrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди