20:02 / 03.08.2021
2 952

Моуриньо нега айнан Шомуродовни танлади?


Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг “Женоа”дан “Рома”га трансфери сўнгги кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланиб бормоқда.

Тўғрисини айтиш керакки, Элдорнинг Рим клубига ўтиши кўпчилик учун кутилмаган трансфер бўлди. Мухлису мутахассислар ўртасида “бўрилар”нинг бош мураббий Жозе Моуриньо бошчилигидаги бу юришига изоҳ кутаётганлар ҳам кам эмас.

Шомуродов “Рома” билан беш йиллик шахсий шартнома имзолаган ва унга кўра, ҳар мавсум 2 миллион евро маош олиши айтилмоқда.
Хуллас, юқорида очиқланган трансферга кўпчилик “Рома”дан изоҳ кутаётган эди. Клубнинг бош менежери Тьяго Пинто бу масъулиятни ўз зиммасига олиб, нега айнан ўзбек ҳужумчиси танлангани ҳақида расмий маълумот берди.

Элдор Шомуродов янада ривожланиш учун катта салоҳиятга эга бўлган ҳужумчи ва у ўзи яхши биладиган чемпионатда “Рома”да ўзини кўрсатишга иштиёқи баландлигини намоён қилмоқда. Унинг бу иштиёқи билан футболчи сифатида жамлаган сифатлари бизнинг бош мураббий тарғиб қилаётган ўйин услуби билан ҳамоҳангдир. Айнан мана шу сабаб туфайли биз ўзбек ҳужумчисини клубимизда қатлашдан мамнунмиз, - деди Тьяго Пинто клубнинг расмий сайтига берган интервьюсида.

Дарҳақиқат, Италия футболи таҳлилчилари Элдор Шомуродовнинг тезкорлиги, дриблинги, пас ошириш маҳорати, яккакурашларда ғолиб чиқиши, бош билан яхши ўйнашидан ташқари, ортга қайтиб, ҳимояга катта ёрдам бериши, тўпсиз ва тўп билан майдон бўйлаб самарали ҳаракат қила олиши, ҳар қандай типдаги ҳужумчи билан шерик бўла олиши, интизомлилиги, меҳнаткашлиги ва камтарлигини ҳам яхши хусусият сифатида эътироф этиб келишади.

Элдор Шомуродов “Рома” жамоасида 14-рақамда тўп тепадиган бўлди. Маълумот учун, бу рақамда Рим клубида Патрик Шик, Боян Кркич, Людовик Жюли, Кристиан Пануччи, Луижи Ди Бьяджо, Клаудио Раньери каби ўз даврининг машҳур футболчилари ҳам тўп сурган.
Айни пайтда Элдор Шомуродов Португалияга йўл олиб, Жозе Моуриньо бошчилигида олиб борилаётган машғулотларга қўшилди.

Элдор Шомуродов “Рома”даги расмий дебют учрашувини 22 август куни ўтказиши мумкин. Шу куни “Рома” А Сериянинг биринчи тур беллашувида ўз майдонида “Фиорентина” футболчиларини қабул қилади.

Янги мавсумда Элдор Шомуродов яна ўзини кўрсатиб, мунтазам гол уришига ишонамиз!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо нега айнан Шомуродовни танлади?