23:00 / 13.08.2021
3 608

Сречко Катанец - бу таваккалчиликми? Мутахассис нима дейди?

Сречко Катанец - бу таваккалчиликми? Мутахассис нима дейди?
Кечадан бери ЎФА томонидан миллий терма жамоага Сречко Катанецнинг бош мураббий этиб тайинланиши кутилаётгани ҳақидаги хабар асосий мавзуга айланди. Табиийки, шунга яраша мазкур масала юзасидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар кўпайиб боряпти.

Чунки ЎФАда терма жамоани бошқариши мумкин бўлган бир нечта номзодлар бор эди. Охир-оқибат словениялик мутахассис раҳбарият томонидан маъқулланмоқда.

Ўз вақтида миллий терма жамоа таркибида кўплаб ўйинларда иштирок этган ва ҳозирда “Шўртан”га бош мураббийлик қилаётган Асрор Алиқулов терма жамоага янги келаётган мураббий ҳақида фикр билдирди.

- Мен ҳам Сречко Катанец юртимизга келаётгани ҳақида ўқидим. Тўғрисини айтсам, ҳали унинг олдинги иш фаолияти билан яқиндан танишишга вақт топа олганим йўқ. Ўйлайманки, бизнинг раҳбарият ҳам янги мутахассисни танлаш жараёнида уни ҳар томонлама ўйлаб чиққан. Бизнинг орзуимиз нималигини ҳамма билади. Халқимиз терма жамоамизни жаҳон чемпионатида кўришни жуда хоҳлашади. Мана шу орзу яна чўзилиб кетмаслиги керак. Шунинг учун ушбу орзу йўлида танланган мураббий варианти кейинчалик хато қарор бўлиб чиқмасин. Миллий терма жамоада қандай мураббий ишлашидан қатъий назар уни барчамиз қўллаб-қувватлашимиз керак. Биргина унинг ўзи жавобгар бўлиб, қолганлар томошабин сифатида қолиб кетмаслиги керак. Ахир ҳаммамиз ҳам Ўзбекистоннинг орзусига эришишини истаймиз. Биринчи навбатда Катанец омадли мураббий бўлсин, - деди Алиқулов.

Аслида Алиқулов миллий терма жамоамизда қандай мураббийни кутганди? Унга мана шу савол билан мурожаат қилдик.
- Қандай мураббий кутгандим? Ростини айтадиган бўлсам, ўзимизнинг маҳаллий мураббийларга ҳам эътибор қаратилса керак деб ўйлагандим. Бу албатта, менинг шахсий фикрим. Уларга ҳам имконият бериш керакмиди ёки йўқми, билмадим. Аммо улар ўзбек футболчиларининг имкониятларини, ютуқ ва камчиликларини ташқаридаги мутахассисдан кўра яхшироқ биладилар. Яна қайтараман: янги танланган мураббий омадли бўлсин. Агар у тасдиқланса, барчамиз мақсадимизга эришиш йўлида янги мутахассисни қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Ҳар ким ўз фикрини билдиришга ҳақли. Шу маънода терма жамоамизда узоқ йил тўп сурган собиқ футболчи ўз муносабатини билдирмоқда. Маҳаллий мураббий деганда кимни назарда тутганига қизиқдик ва бу борада очиқроқ фикр билдиришини сўрадик.

- Масалан, Рўзиқул Бердиев ҳақида кўп ёзилди. Эсимда, бир неча йил олдин миллий терма жамоамизни битта ўйинда бошқарганди. Балки мана шу номзод тасдиқланса ҳам керак, деган фикрга ҳам боргандим. Рўзиқул аканинг бир неча йиллик йиғилган тажрибаси инобатга олиниб, ишлаши мумкин деб ўйлагандим. Лекин барчаси раҳбариятга боғлиқ. Янги мураббий танланди. Терма жамоамизда расман иш бошлаган кунидан унга ишонишни бошлашимиз лозим. Юқорида айтганимдек, Сречко Катанецнинг олдинги фаолиятини ўрганиб чиқишга ҳали вақт топа олганим йўқ. Лекин бу номзодни ўқишим биланоқ қизиқиш билдирдим. Шу сабабдан ҳозирдан у ҳақида қандайдир фикр билдиришга тайёр эмасман. Муҳими, Катанецнинг қадами қутлуғ келсин.

Миллий терма жамоамизнинг охирги ўйинидан кейин барчада ёқимсиз кайфият пайдо бўлди. Танқидлар кўп айтилди ва камчиликлар ҳам. Шулардан келиб чиққанда гўёки жамоа аянчли аҳволга келиб қолгандек тасаввур уйғотди. Бу масалада Алиқулов ўз муносабатини қуйидагича билдирди.

- Терма жамоамизни аянчли ҳолатда деб ўйламайман. Негаки, бизда яхши савиядаги футболчилар етарли. Аянчли дейиш ноўрин бўлади. Осиё миқёсида ҳам бизда муносиб ўйинчилар етарлича. Ҳаммани жой-жойига қўйишда футболчилар билан бирдамликни топиш керак. Терма жамоамизнинг охирги ўйинларини кўрганимизда бизга омад етишмади демаган бўлардим. Мухлисларга қанақа футбол ёқади? Ҳужумкор ўйин. Футболчиларимизга иштиёқи ва шижоати етмагандек туюлди. Бизнинг мақсадимиз аниқ ва шунга яраша ғалаба қозонишимиз керак. Бизда ўша камчиликлар кўзга ташланди. Ваҳоланки, футболчиларимизнинг савияси паст эмас. Мураббий ўйинчиларни танлаш жараёнида тўғри йўл тутади деб ўйлайман.

Хуллас, катта эҳтимол билан Катанец янги бош мураббийга айланади. Унинг номзоди таваккалчиликми, деган саволга мутахассиснинг жавоби шундай бўлди:
- Катанец номзодини таваккалчилик дейиш қийин. Бу мураббий вариантига тўхташдан олдин уни яхшилаб ўрганиб чиқишган. Шунинг учун ҳам таваккалчилик деб ўйламайман. Катанец паст савиядаги мураббий эмас. Масалан, Эктор Купер келганида уни номи бор дедик. Кейин услуби эскича, ҳимоявий футбол деб атадик. Ҳар бир мураббийнинг дунёқаришидан келиб чиқиб, ўзига яраша тактикаси бўлади. Унинг услубига футболчиларимиз тез кўникиши ва қўллайдиган тактикаси ҳам бизнинг футболга мос тушиши муҳим. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Расман иш киришгач, унга ишонамиз ва омад тилайман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец - бу таваккалчиликми? Мутахассис нима дейди?