Келаси йили Қатарда ўтказиладиган мундиал учун охирги саралаш баҳслари бошланганини биласиз. Осиё қитъасида ҳам кураш анча шиддатли старт олди.
Афсуски, биз учинчи ҳал қилувчи босқични томошабин сифатида кузатишга мажбурмиз. Бу қанчалик оғир бўлмасин, тан олишимиз керак. Вадим Абрамов терма жамоамизни учинчи босқичга олиб чиқиши шарт бўлган бир вазиятда бунинг уддасидан чиқа олмагани эвазига қанчалик танқидлар остида қолиб кетди-а?! Нафақат у, балки бошқалар ҳам.
Агар Ўзбекистон учинчи босқичга чиққанида Абрамов ҳам уларни қаторида бўларди. Яъни, бугунги мақолада айнан ўзи бошқараётган терма жамоаларни ҳал қилувчи босқичга олиб чиқа олган мураббийлар ҳақида сўз юритамиз. Бироқ уларнинг орасида Вадим Карленовичга “нон” топилмади!
“А” гуруҳи
Эрон – бош мураббий Драган Скочич (Хорватия)
Осиёнинг қудратли терма жамоаларидан бири! Эрон бу галги ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичида “А” гуруҳидан жой олган бўлиб, дастлабки иккита ўйиндан кейин 100 фоизли натижа қайд этиб турибди. Жамоа бош мураббийи хорватиялик 53 ёшли Драган Скочич бўлиб, у ўтган йилдан бери мамлакат бош жамоасини бошқариб келяпти. Мутахассис Эрон футболи учун бегона эмас. Чунки бир неча йиллардан бери мамлакат чемпионатида бир қатор клубларни бошқарди. Мутахассис ўзидан яхши таассурот қолдиргани сабабли Эрон футболи раҳбарлари терма жамоани унга ишониб топширишди. Ҳозирча натижалар чакки эмас. Асосий мақсад шубҳасиз Эронни мундиалга олиб чиқиш!
Жанубий Корея – бош мураббий Пауло Бенту (Португалия)
“А” гуруҳининг яна бир фаворити! Жанубий Кореяни 2018 йилдан бери португалиялик Пауло Бенту бошқариб келяпти. Унинг тўлиқ номи Пауло Жоржи Гомиш Бенту. 52 ёшни қаршилаган мазкур мутахассис футбол ишқибозларига яхши таниш. Айниқса, Португалия терма жамоасини бошқарган кезларида Европа ҳамда жаҳон чемпионатларидаги иштироки орқали эслаб қолишган. Масалан, ЕВРО-2012 да Португалия билан бронза эгасига айланган. Бенту Жанубий Корея термасини қабул қилишдан олдин Хитойда “Чунцин Лифань” клубини маълум вақт бошқарди. Шундан сўнг, тажрибали мураббий ўзини яна терма жамоага бағишлади. 2019 йили БАА майдонларида ўтказилган Осиё Кубогида Жанубий Корея Бенту бошчилигида чорак финалгача етиб келган. Аммо ўшанда улар амалдаги чемпион – Қатарга 0:1 ҳисобида ютқазиб мусобақани тарк этган. Айни пайтда португалиялик мураббийнинг олдига Жанубий Кореяни мундиалга олиб чиқиш вазифаси қўйилган.
БАА – бош мураббий Берт ван Марвейк (Нидерландия)
2019 йилнинг март ойида БАА миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида эълон қилинган Берт ван Марвейк унгача Австралия термасига устозлик қилган. БАА термаси ўзи мезбонлик қилган 2019 йилги Осиё Кубогида ярим финалгача етиб келган ва ўшанда бўлажак чемпион – Қатарга йирик 4:0 ҳисобида шармандали мағлубиятга учрагач, италиялик Алберто Заккерони истеъфога чиқарилган. Шундан кейин БАА футболи раҳбарлари унинг ўрнига ван Марвейкни таклиф қилдилар. БАА ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичини иккита дуранг билан бошлади. Аввалига Ливан билан 0:0, кейин эса Сурияга қарши баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Ёдингизда бўлса, бу мутахассис Нидерландияни 2010 йилги жаҳон чемпионатида финалгача олиб келганди.
Сурия – бош мураббий Низар Махруз (Сурия)
Бу терма жамоа ҳамма вақт рақибларига жиддий бош оғриғи бўлиб келган. Уларнинг мундиал йўлида охирги босқичгача етиб келгани бу уларнинг жасоратидан дарак. Ҳозирча дастлабки иккита учрашувда бир дуранг ва мағлубият қайд этдилар. Терма жамоани маҳаллий мураббий Низар Махруз бошқаряпти. У иккинчи бор мамлакат термасини бошқармоқда. Илк бор 2011 йили ҳам Сурия терма жамоасига устозлик қилган. 2019 йилги Осиё Кубогида сурияликларга маҳаллий мураббий Фажр Иброҳим бошчилик қилди. Шундан кейин тунислик мутахассис Набиль Маалулга бош мураббийлик лавозими ишониб топширилди. Эндиликда эса Сурияни ҳал қилувчи ўйинларга Низар Махруз тайёрламоқда.
Ливан – бош мураббий Иван Гашек (Чехия)
6 сентябрь куни 58 ёшни қарши олган Гашек шу йилдан эътиборан Ливан терма жамоасини бошқаришга киришди. У 2009 ва 2011 йиллар оралиғида Чехия терма жамоасига ҳам устозлик қилган. Гашек 2011 йилдан бери фаолиятини Осиёда давом эттириб келяпти. Шу кунгача Саудия Арабистони, Қатар ва БААнинг етакчи жамоаларини бошқарди. Мураббийлик фаолиятида иккинчи бор терма жамоада ишлаяпти. Ҳозирча “А” гуруҳида Ливан иккита ўйин ўтказиб, бир бор дуранг ўйнаб, мағлубиятга учради.
Ироқ – бош мураббий Дик Адвокат (Нидерландия)
27 сентябрь куни 74 ёшни қаршилайдиган нидерландиялик машҳур мураббий яқиндагина Ироқ терма жамоасини қабул қилиб олди. Яхши биласиз, ироқликларни ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичига словениялик Сречко Катанец олиб чиқди. Кейин воқеалар ривожи ўзгариб, Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоасини қабул қилиб олди, ироқликлар эса унинг ўрнига Дик Адвокатни олиб келишди. Уни сизларга ортиқча таърифлаш шарт эмас. Бутун дунё танийдиган мураббий. Охирги марта Нидерландияда “Фейеноорд” клубини бошқариб, 23 май куни мураббийлик фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Аммо ироқликларнинг жуда яхши таклифи Дикнинг қарорини ўзгартира олди. Ҳозирча Ироқ Адвокат бошчилигида биттадан дуранг ва мағлубият қайд этиб турибди.
“В” гуруҳи
Австралия – бош мураббий Грэм Арнольд (Австралия)
Австралия “В” гуруҳининг фаворити бўлиб турибди. Иккита ўйинда иккита ғалаба. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун асосий номзод. Терма жамоани 2018 йилдан бери маҳаллий мураббий Грэм Жеймс Арнольд бошқариб келяпти. Ундан аввал “Сидней” клубига устозлик қилганини қўшимча қилиш жоиз. Арнольд мамлакат бош жамоасини бошқариш жараёнида Осиё футболини яқиндан ўрганди. Охирги пайтларда мундиалнинг мунтазам иштирокчиси бўлиб келяпти. Бу сафар ҳам катта эҳтимол билан Австралия Грэм Арнольд бошқарувида Қатардаги жаҳон чемпионати иштирокчисига айланиши кутиляпти.
Саудия Арабистони – бош мураббий Эрве Ренар (Франция)
Саудияликлар иккинчи саралаш босқичида бизни қолдириб кетганини айтмасак ҳам яхши биласиз. Иккала ўйинда ҳам Ренар жамоаси Ўзбекистон дарвозасига учта гол урди. Учинчи саралаш босқичини ҳам ғалабалар билан бошлади. Аввалига Вьетнамни 3:1, кейин сафарда Уммонни 1:0 ҳисобларида енгди. Эрве Ренар Саудия Арабистони термасида аргентиналик Хуан Антонио Пиццининг ўрнини эгаллаган. Ҳозирча франциялик мутахассиснинг саудиядаги ишлари беш! Агар шу руҳда давом этса, бу терма жамоани навбатдаги мундиалда кутаверинг!
Уммон – бош мураббий Бранко Иванкович (Хорватия)
Уммонликлар бош мураббий масаласида яхши танловни амалга оширишган. Ўтган йили хорватиялик Бранко Иванкович мамлакат терма жамоасини бошқаришга киришди. Хорватия ва Эрон терма жамоаридан кейин Уммон термасига ҳам устозлик қиляпти. Иванковични айниқса, Эрондаги фаолияти орқали яхши биламиз. ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичини шов-шувли ғалаба билан бошлади. 2 сентябрь куни Японияда Осиёнинг энг кучли жамоасини мағлубиятга учратиб қайтди. Лекин ўша ғалабадан бироз ҳаволаниб кетдими, билмадигу, иккинчи турда ўз майдонида Саудия Арабистонига 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Афтидан, Иванкович Уммон билан яхшигина саргузаштларга тайёрланган кўринади.
Япония – бош мураббий Хажиме Мориясу (Япония)
53 ёшли Хажиме Мориясу 2018 йилдан бери японларнинг бош мураббийи бўлиб келяпти. Унинг асосий орзуси Японияни жаҳон чемпионатига олиб чиқишдан иборат. Мориясу бунгача Япония U-23 терма жамоасини бошқарган. Охирги йилларда терма жамоа сафида иқтидорли ёшлар кўпайгани бевосита ушбу мураббий билан боғлиқ. Чунки у олимпия терма жамоасидаги иши орқали кўплаб ўйинчиларни кашф қилди. Япония ҳамма вақт Осиёнинг биринчи рақамли жамоаси бўлиб келган. Хажиме Мориясу бошчилигида японлар 2019 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичида Ўзбекистонни 2:1 ҳисобида мағлуб этгани ёдимизда.
Вьетнам – бош мураббий Пак Хан Со (Жанубий Корея)
Вьетнам футболи сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсишга эришяпти. Буни уларнинг натижаларидан билиш қийин эмас. Мана, бу сафарги мундиалнинг охирги саралаш босқичигача етиб келдилар. Мамлакат бош жамоасига жанубий кореялик 62 ёшли Пак Хан Со устозлик қиляпти. У 2017 йилдан бери бош мураббий лавозимида ишлаб келяпти. Унгача мамлакат ёшлар терма жамоасини ҳам бошқарган. Қисқаси, кореялик мураббий Вьетнам футболини жуда яхши билади. Терма жамоанинг даражаси ўсиб бораётганида Пак Хан Сонинг ҳам қўшаётган ҳиссаси катта. Аммо ҳозирча “B” гуруҳида Вьетнам иккита ўйинда иккита мағлубиятга учради. Саудия Арабистони ҳамда Австралия каби гуруҳ етакчиларига қарши кечган бирин-кетин ўйинларда Вьетнамнинг кучи етмади.
Хитой – бош мураббий Ли Те (Хитой)
Хитой терма жамоаси ҳам Вьетнам сингари иккита ўйинда мағлубиятга учради. Австралияда йирик ҳисобда ютқазган бўлса, ўз уйида Японияга ҳам кичик ҳисобда енгилди. Терма жамоани маҳаллий мураббий Ли Те бошқаряпти. У 18 сентябрь куни 44 ёшни қарши олади. Ўтган йилдан бери расмий равишда Хитой миллий терма жамоасида бош мураббий вазифасида ишлаб келяпти. Унинг олдига жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилган. Ли Те бу мақсадга босқичма-босқич эришишни кўзлаган. Охирги манзилга етиб келди. Аммо унинг жамоасига қийин бўлаётганини ҳозирданоқ кўриш мумкин. Иккита мағлубият ва энди уларни ютқазишга ҳаққи йўқ. Акс ҳолда...
12 та терма жамоани 8 нафар хорижлик мураббийлар бошқараётгани эътиборга молик. Фақатгина Япония, Сурия, Австралия ва Хитойга маҳаллий мутахассислар бошчилик қилмоқда. Хорижлик мураббийлар бошқараётганлар орасида Хорватия ва Нидерландиядан иккитадан мутахассис бор.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди