Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини сафарда Грузияга қарши ўтказганидан хабардорсиз. Мазкур ўйинда вакилларимиз ўз дарвозасидан ўтказиб юборилган ягона гол эвазига мағлуб бўлди.
Ушбу учрашув борасида албатта ўзига яраша фикр ва мулоҳазалар билдирилиши табиий. Шулардан келиб чиқиб, кўзга кўринган мутахассислардан бири Дилшод Нуралиев терма жамоамизнинг Грузияга қарши ўйини ва яна бошқа жиҳатлар ҳақида муносабатини айтди.
- Грузия Ўзбекистонга қарши ўйнашдан олдин Швецияга қарши майдонга тушди ва бу рақибни 2:0 ҳисобида ютди, - дея гап бошлади, мутахассис. - Терма жамоамизга қарши учрашувда грузияликлар аралаш таркиб билан ўйнадилар. Ўша беллашувда футболчиларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Барибир бу Европа жамоаси бўлгани сабабли ўйинчиларининг ўйин савияси кучлироқлиги кўриниб турди. Аммо бизнинг таркибимиз ҳам анча ёшарди. Катанец кўпроқ ёшларга эътибор беряпти. Чунки кейинги жаҳон чемпионати саралашида асосан ёшларга таянилса керак. Тайёргарлигимиз тўғри кетяпти. Чемпионатимизда ўйнаётган футболчиларга эътиборни оширавериш керак ва шу билан бирга Суперлигамизнинг савиясини оширишимиз керак. Ана шунда яхшироқ ўйинчилар етишиб чиқади. Ҳадеб хорижлик футболчиларга таяниб қолинса бу ҳам тўғри бўлмайди. Легионерларимиз ўз клубларида ҳар хил вазиятда бўлади, кимдир жароҳат олиши мумкин, турли ҳолатлар бўлади. Лекин кўряпмизки, Катанец терма жамоага бир қанча ёш футболчиларни жалб қиляпти. Чемпионатимиз савиясини оширса терма жамоамизга фойда бўлади. Масалан, талабга жавоб берадиган майдонларда ўйнашимиз керак. Октябрь ойи келиши захоти бизда майдонлар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади.
- Сречко Катанец Европадан келган, тажрибали мураббий. Ҳозир футболчиларимизни ўрганяпти. Дарҳол ундан ўртоқлик учрашувларида натижа беради деб ўйлаш нотўғри. Мураббий тезроқ 14-15 нафар футболчилардан иборат жамоа негизини танлаб олиши керак. Бунда ўзимизни мураббийлар ҳам кўмаклашиши лозим. Ўша ўзи танлаб олган футболчиларга қараб ўйинни шакллантириши керак. У ўз ўйин услубини йўлга қўя олади. Фақат иложи борича ўзимизни чемпионатдаги ўйинчиларга таянса, тўғри бўлади деб ўйлайман. Хориждан келаётган ўйинчиларимиз, масалан Достон Турсунов жароҳат олиб қолди. Легионерларимизга суянадиган бўлса, улар қандай ҳолатда қайтишини билмаймиз. Турсунов туппа-тузук келганди, аммо машғулотда жароҳат олди. Балки организми чарчагандир ёки тикланиш жараёнини тўғри қилмаган бўлиши мумкин. Шу сабабдан Суперлигадаги ўйинчиларга ҳам эътибор қаратавериш керак.
- Ҳозирча терма жамоамиз ўйинида катта янгилик сезилмаяпти. Лекин мени кўрганим шуки, биринчи навбатда жамоа ўйинида тартиб пайдо бўлди. Ҳали қисқа фурсат ичида катта ўзгариш кўзга ташланмади. Фақат ҳар бир ўйинчи ўз позициясида берилган кўрсатмаларни бажаришга ҳаракат қиляпти. Лекин мураббийни қўлидан келади ёки келмайди, буни вақт кўрсатади. Айтяпман-ку, Ўзбекистон чемпионатининг савиясини оширишимиз лозим. Мураббийлар ҳам иқтидорли ёшларга ўйин амалиётларини бериши мақсадга мувофиқ. “Пахтакор”да яхши савиядаги ёшлар етишиб чиқяпти. “Насаф”да ҳам бор. Барибир вақти келиб терма жамоа негизи шу жамоаларнинг тарбияланувчилари ташкил қилади. Катанец футболчилар билан янада кўпроқ йиғинлар ўтказса, ўйлаганларини, фикрларини етказиб бериши осонроқ бўлади. Европада ўйинчилар юқори савиядаги чемпионатларда тўп суришгани учун улар доим тайёр ҳолатда бўлишади. Шунинг учун у ердаги терма жамоалар қисқа муддатли йиғинларга тўпланишади. Бизда эса вазият бошқачароқ. Катанецга машғулотлар учун кўпроқ йиғинлар ташкил қилиб берсак тўғрироқ бўлса керак.
- Олдин ҳужумчимиз йўқ дердик. Максим Шацких, Жаъфар Ирисметов, Улуғбек Бақоев каби футболчилардан кейин бизда ҳужум чизиғимиз пасайиб кетганди. Энди эса ҳимоя чизиғимиз...Аслида уларни кучсиз деб бўлмайди. Фақат жаҳон миқёсидаги талабга жавоб бермайдилар. Ўзимизни чемпионатимизга мослашишган. Бу мени фикрим. Иордания билан учрашувда аҳамият берган бўлсангиз, рақиб тезкор ҳужумга ўтиб кетаётганида ҳимоячиларимиз улгурмай қолдилар. Позицион ҳужумларда ҳам ҳимояда хато қиляпмиз. Буларнинг бари чемпионатимиз савиясини талабга жавоб бермаслигидадир. Катанец тўғри айтган, ҳимоя чизиғимизда муаммолар кўп. Ҳожиакбар Алижонов, Фарруҳ Сайфиев, Ислом Қобилов, умуман ҳаммаси ўз клубида лидер. Барибир халқаро майдонда тажриба етишмай қоляпти. Биз Катанецга ёрдам беришимиз керак. Хориждан келган, менталитетимизни ҳали яхши билмайди. Ёнида туриб унга кўмаклашишимиз даркор. Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқса, эътибор янада кучаяди, - дейди Дилшод Нуралиев.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди
Сирдарёда ЙТҲ содир этган ҳайдовчидан пул олган ЙПХ ходими қамалди