00:05 / 01.12.2021
2 153

Бизга ҳам Араб Кубогига ўхшаш мусобақа керак

Бизга ҳам Араб Кубогига ўхшаш мусобақа керак
Бугун Қатарда навбатдаги Араб Кубоги мусобақасига старт берилди. Тарих бўйича олиб қарасак, бу 10-мусобақа бўлади. Лекин ном жиҳатдан биринчиси. Нима учун деганда бунгача Араб Кубоги деб номланиб келган мусобақа бу йилдан ФИФА Араб Кубогига ўзгарди. Яъни, ушбу мусобақа эндиликда ФИФА байроғи остида ўтказилади. Бундан кўриниб турибдики, араблар бу ишнинг уддасидан чиқишди.

Барча чемпионлар
Ушбу мусобақа илк бор 1963 йил ўтказилган. Дастлабки турнирга Ливан мезбонлик қилган. Қуйида мусобақа ўтказилган йиллар ва чемпионларни келтириб ўтамиз.

1963 йил. Мезбон - Ливан. Чемпион - Тунис
1964 йил. Мезбон - Қувайт. Чемпион - Ироқ.
1966 йил. Мезбон - Ироқ. Чемпион - Ироқ.
1985 йил. Мезбон - Саудия Арабистони. Чемпион - Ироқ.
1988 йил. Мезбон - Иордания. Чемпион - Ироқ.
1992 йил. Мезбон - Сурия. Чемпион - Миср.
1998 йил. Мезбон - Қатар. Чемпион - Саудия Арабистони.
2002 йил. Мезбон - Қувайт. Чемпион - Саудия Арабистони.
2012 йил. Мезбон - Саудия Арабистони. Чемпион - Марокаш.
2021 йил. Мезбон - Қатар. Чемпион - ???

Араблар мусобақа дунё эътиборини тортиши учун ФИФА Араб Кубоги деб ном беришди. Бу эса ўйинлар ФИФА диққат-марказида туришини ва ўз навбатида кўпчиликнинг кузатишига сабаб бўлишини англатади.

U-20 Араб Кубоги
Шу йилнинг июнь ойида Мисрда U-20 Араб Кубоги ҳам ўтказилди. Бунда Ўзбекистон U-18 терма жамоаси иштирок этиб қайтди. Кўряпсизми, арабларда иккита Араб Кубоги мусобақаси бор: ҳам ёшлар, ҳам катталар ўртасида. Бу томонлама ҳам уларга қойил қолса арзийди.

МДҲ Кубоги эсингиздами?
Бир пайтлар МДҲ давлатлари чемпионлари ўртасида МДҲ Кубоги мусобақаси бўларди. Бу мусобақада 2007 йил "Пахтакор" ғолиб чиққанини яхши эсласангиз керак. 1993 йил йўлга қўйилган ушбу мусобақа 2011 йилга қадар ўтказилди. Шундан сўнг 4 йилга тўхтаб қолди. 2016 йилдан эса яна қайта йўлга қўйилиб, бу сафар фақат U-21 жамоалар иштирок этиши белгилаб қўйилди.

2017 йилдан бери ўтказилгани йўқ. Лекин бу мусобақани қайта тикласа бўлади ва эндиликда МДҲ Кубогида клублар эмас, балки терма жамоалар иштирокини йўлга қийиш мумкин. Майли, миллий терма жамоалар қатанашмасин, майли клубларнинг асосий таркибида тўп тепаётган футболчилар келмасин, лекин айтайлик, U-21, U-22, U-23лар учун ажойиб турнир бўлади.

Масалан, олимпия ёшдаги футболчилар қатнашса, жудаям яхши. Шу орқали миллий терма жамоалар бош мураббийлари номзод футболчиларни синовдан ўтказиб олади. Биз МДҲ Кубоги деб айтишга ўрганиб қолган мусобақа русчада Кубок Содружества, инглиз тилида эса Commonwealth Cup дейиларди. Айтайлик, мусобақа бир текис давом этиши учун ФИФАни ҳамкорликка чақириш мумкин. Шунда мусобақа ФИФА МДҲ Кубоги ёки FIFA Commonwealth Cup деб юритилади. Ахир араблар FIFA Arab Cup дейишяпти-ку.

Кимлар иштирок этади?
Агар МДҲ Кубоги терма жамоалар ўртасида йўлга қўйилса, кимлар қатнашиши ҳам маълум. Яъни, мусобақада собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққан мамлакат жамоалари иштирок этади. Булар - Россия, Украина, Латвия, Литва, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон, Ўзбекистон, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Эстония, Арманистон, Тожикистон.

ФИФА Араб Кубогида 16та жамоа қатнашяпти. МДҲ Кубогида эса 15та жамоа бўляпти. 16-жамоа сифатида масалан Эронни таклиф қилса бўлади. Чунки Эрон ҳам кучли, ҳам кўпинча мусобақасиз қолиб кетади.

Футбол халқларни бирлаштиради
ФИФА сиёсатга эътибор бермасдан футболни кўтаришга ҳаракат қиляпти. Ҳозир баъзи араб давлатларида ўзаро алоқалар яхши эмас. Шунга қарамай, улар ҳамжиҳат бўлиб футболни йўлга қўя билишди. Бунга ФИФА ҳам аралашган бўлиши табиий.

МДҲ давлатлари ўртасида ҳам баъзи келишмовчилик бўлиб турибди, лекин бир нарса унутмайлик, футбол халқларни бирлаштиради. Қолаверса футбол сиёсатдан холи бўлиши керак.

Фараз қилинг, МДҲ Кубоги ФИФА номи билан қайта тикланса ва мезбон мамлакатга бошқа жамоалар ташриф буюрса, бу ҳақиқий спектаклга айланади. Европа-Осиё футболи ўзаро куч синашиб, жамоалар ўз маҳоратини ошириб оладилар, мусобақа селекционерлар эҳтиборини тортади. ОАВ мусобақани алоҳида ёрита бошлайди.

Агар МДҲ давлатлари футбол федерациялари ўзаро келишиб, сўнгра бу борада ФИФАга мурожаат қилишса, ўйлаймизки, ФИФА ҳам қўллаб-қувватлайди. Бундан эса фақат футбол ютади, мухлислар яна чиройли ўйинлар гувоҳи бўлишади.

Муаллиф: Xayrulla Xoliqov

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бизга ҳам Араб Кубогига ўхшаш мусобақа керак