09:49 / 25.12.2021
1 906

Остон Ўруновни “Спартак”да нега ўйнатишмади? Сирлар очилмоқда!

Остон Ўруновни “Спартак”да нега ўйнатишмади? Сирлар очилмоқда!
Остон Ўрунов ўтган йилнинг ёзида “Спартак” клуби билан беш йиллик шартнома имзолаганида ўзбекистонлик футбол мухлислари жуда хурсанд бўлган эди.

Дарҳақиқат, Россия премьер-лигасида қолиш учун курашадиган “Уфа” сингари аутсайдер жамоада ўйнаганидан кўра, чемпионликни мақсад қилган, Европа Чемпионлар лигасида мунтазам ўйнаш орзуси билан яшаётган қудратли ва молиявий томондан бақувват клуб шарафини ҳимоя қилиши ҳар томонлама яхши-да. Қолаверса, футболчиларимизнинг хориж лигаларининг етакчи клубларида тўп тепиши, Европа миқёсидаги халқаро мусобақаларда тажриба тўплаши, таниқли ва машҳур ўйинчилар билан рақобатлашиши охир-оқибат терма жамоамиз манфаатига хизмат қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Остон Ўрунов пойтахт клубига қўшилганидан кейин анча синовлар ва қийинчиликларни бошидан ўтказганига гувоҳ бўлдик. “Уфа”даги илк уринишида креатив ўйинлари билан Россия премьер-лигасининг юқори ўринлар учун курашаётган деярли барча клублари орзусига айланган истеъдодли футболчи нега бирдан футбол ўйнашни “унутиб” қўйди?

Вақт ўтгани сари ҳаммаси ойдинлашиб бормоқда. Ўзбек футболчиси “Спартак”да ўйнаб кета олмади, деган фикр орқа планга ўтиб бўлди. У ўйнаб кета олмади эмас, балки Ўруновни “қизил-оқлар” жамоасида ўйнатишмади.

Тўғри, ўша пайтдаги бош мураббий Доменико Тедеско ўйин якунланиши арафасида Ўруновни бир неча дақиқага майдонга тушириб турди. Лекин бу мана ўйнатяпмизу, лекин ўзини кўрсата олмаяпти, деган тасаввур уйғотишга уринишдек туюлмоқда.

Ахир зўр ўйнаб турган ўйинчининг истеъдоди, қобилияти, маҳорати бир пасда сўниб қолмайдику.

Хуллас, “Спартак”даги вазият Ўруновнинг фаолиятига салбий таъсир қилди. Клуб президенти Леонид Федун, унинг рафиқаси Зарема Салихова ва ўша пайтда клуб бош директори бўлган Шамиль Газизов ўртасидаги ички кураш уфалик мутахассис ташаббуси билан олиб келинган Остон Ўрунов ва Александр Кокориннинг клубдан кетишига олиб келди.

Ярим йил ишлаб, учта трансферни амалга оширганидан сўнг бош директорлик лавозимидан ҳайдалган Газизов ва “Спартак” раҳбарияти турли масалаларда судлашди. Бу тўқнашув ҳамон тингани йўқ. Яқинда Леонид Федун Газизовни Ўрунов ва Кокорин трансферларидан ноқонуний пул ишлаб олганликда айблагани, Шамиль эса бу масалада ҳар қандай текширувга тайёрлигини билдириб, клуб хўжайинини туҳмат қилаётганини иддао қилмоқда.

- Леонид Арнольдовичнинг Кокорин ва Ўрунов трансферларида агентоик комиссияси ҳақидаги гаплари ғирт туҳмат. Уни алдашяпти. У мана шу икки футболчи учун комиссия бўлмаганини жуда яхши билади. Ҳаммаси сафсата ва ёлғон. Агентлик комиссияси фақат Виктор Мойез учун берилган. Бу тасдиқланган тўлов эди. Негадир бунисини гапиришмаяпти, - деди Шамиль Газизов Леонид Федуннинг айбловига жавобан.

Аслида Остон Ўрунов масаласи ҳали ечилмаган. У 2025 йилнинг ёзигача давом этадиган шартномага эга. “Спартак” уни Шамиль Газизовнинг футболчиси сифатида ўйнатмаслиги аниқ бўлиб улгурган. “Уфа” молиявий имконияти ўнглансагина ёзда ўзбек футболчиси трансферини сотиб олиши мумкин.

Биз Федун ва Газизов можаросида тарафкашлик қилмаймиз. Лекин Россия футболида ўз таъчир кучига эга бу икки шахснинг ўзаро келишмовчилиги, шубҳа-гумонлари, қўл урган ишлари туфайли катта салоҳиятга эга футболчимизнинг фаолияти издан чиқишига ва истеъдоди эрта сўнишига сабаб бўлишига қаршимиз, албатта.

Остон Ўрунов аввалги даражасига чиқиши учун анча тер тўкишига тўғри келади. Бунинг учун, энг аввало, ўзига хотиржам тўп тепиб, маҳоратини намойиш қила оладиган барқарор клуб топиши талаб этилади.

Ўрунов Россия премьер-лигасига ўтганидан “Спартак” ва “Уфа”да бери жами 33 та учрашувда ҳаракат қилди. Жорий мавсумда эса, кўп жароҳат олаётгани боис атиги етти марта майдонга тушди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Остон Ўруновни “Спартак”да нега ўйнатишмади? Сирлар очилмоқда!