Ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги ҳаёти ва фаолиятини ҳамма вақт синчковлик билан кузатиб келяпмиз. Унинг Рим клубидаги ҳар бир ҳолати ҳақида батафсил маълумотлар бериб бориляпти. Албатта, футболчимизнинг захирада қолаётгани, асосий таркибга кира олмаётгани биз учун ёқимли эмас. Чунки ҳар бир футболчини ҳам ўйнагиси келади.
Элдорнинг “Рома”да асосий таркибдан жой олиши қийин кечаётганидан келиб чиқиб, уни бошқа клубга кетиши ҳақида гапираётганлар ҳам бор. Гап Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси ҳақида борар экан, барчамиз бунга эътиборли бўлишимиз лозим.
Айни пайтда ЎФАда терма жамоалар бўлими бошлиғи сифатида фаолият кўрсатаётган Усмон Тошев Элдорнинг Моуриньо жамоасидаги фаолияти борасида ўз қарашларини билдирди.
“Бир нарсани тушунишимиз керак, Элдор қаердан қаерга кетди?”
- Бу ҳақида биз жуда кўп гапирамиз, - дея гап бошлади, Усмон Қудратович. - Чунки бу ҳолат менинг ишимга, бизнинг бўлимга тааллуқли. Нега деганда мен терма жамоалар бўлимида ишлайман. Элдор эса миллий терма жамоа ўйинчиси. Шомуродов масаласида тушунтиришга ҳаракат қиламан. Зеро, кўпчилик нима учун ўйнамаяпти, нега захирада ўтирибди, бошқа жамоага ўтадими, деган саволларни беришяпти. Аслида бу нормал ҳолат. “Рома” таркибини кўрсангиз, яхши футболчилар йиғилган. Шомуродовнинг ўйнайдиган позициясига қарасангиз супер футболчилар тўп суряпти. Аслида Элдорнинг “Рома”дек клубда бўлишининг ўзи биз учун катта натижа. У жамоасининг 18 талик рўйхатига киряптими, буниси ундан ҳам яхши вазият. Захирадан бўлса ҳам майдонга тушаётганининг ўзи катта гап. Бу футбол ичидаги ҳаёт. Асосийси, ўша клубда шуғулланяпти, тарбияланяпти ва ўйнаяпти. Шомуродов кучли мураббий ва яхши ўйинчилар билан бирга.
Унинг учун ҳаммаси жойида. Биз бир нарсани тушунишимиз керакки, Элдор қаердан қаерга кетди? “Машъал”дан, “Пахтакор”дан ёки “Бунёдкор”дан ўша ергача йўл босиб ўтиш бу орзу эди. Энди эса биз нимага қўймаяпти, деб талаб қиляпмиз. “Рома”га келаётган ўйинчилар Франция, Германия, Англия ва яна бошқа терма жамоаларнинг аъзоларидир ҳамда уларнинг орасида бизнинг Шомуродов ҳам ўйнаяпти. Барчасига сабр ва меҳнат керак. Терма жамоада у билан яқиндан танишдик. Ҳаракатини, ишга бўлган эътиборини кўрдим.
Меҳмонхонада ҳам гаплашгандик, икки қўли кўксида, жуда одобли, тарбияси бор. Элдор кўпчиликдан ажралиб туради. Ўйлайманки, у янада яхши ўйнаб кетади. Захирада қолаётгани ваҳима эмас. Бейл, Озил каби футболчиларни эсланг. Улар ҳам ўз клубида захирада қолишган. Албатта, бундай вазият ҳеч кимга ёқмайди, ҳамма ўйнашни хоҳлайди. 11 талик таркибга кириш истагида бўлишади. Аммо бундай жамоаларда 11 таликка муносиб бўлган 22 нафар футболчисига эга. Хоҳласа-хоҳламаса ҳам майдонда 11 нафари ўйнаса, 11 таси захирада қолади. Элдорнинг “Рома”да тарбияланаётгани биз учун супер.
“Моуриньонинг эътиборига тушганининг ўзи катта гап”
- Моуриньо билан Шомуродовнинг боғлиқлиги жуда ажойиб. Агар Элдор керак бўлмаганида, унинг жиҳатлари ва ҳаракатлари ёқмаганида ҳеч кимга қулоқ солмасдан футболчимизни жамоасига олмасди. Жозе – бу топ-мураббийлардан бири. Жаҳонда 5-6 та энг кучли мураббийлар бўлса, ўшалардан бири. Мана шундай мутахассиснинг эътиборига тушганининг ўзи катта гап. Лекин биз бу мураббийни матбуот орқали биламизки, анча “шовқин”ли мураббий. Бирданига ўз гапи билан “портлатиб” юбориши мумкин, кейин эса бошқача айтиши мумкин, характери шунақа одам. Лекин мураббий сифатида барибир юқори савияда. Шомуродов учун катта жамоада тўп суриш ниҳоятда фойдали. Моуриньо қўли остида бизнинг ўйинчимиз албатта ўсяпти. Айтяпман-ку, Жозе топ-мураббий. Биз ҳам иш юзасидан мана шундай мутахассисларнинг ишини ўзимиз учун татбиқ қиламиз.
“Элдор сабр қилиб ишлаши керак”
- Кўпчилик кетиши керак, деяпти-а? Қаранг, қаерга кетади? Масалан, “Бавария”гами ёки “Манчестер Юнайтед”гами? Ким кафолат беради, бошқа клубда борганда 100 фоиз ўйнайди деб?! Бундай жиҳатлар футболчининг ўзидан, муҳитдан, менталитетдан келиб чиқади. Ўша жойни ўрганиши ва билиши ҳам керак бўлади. Осон иш эмас. Битта одам билан тил топишиш ҳам енгил эмас. У ерларда эса 20 та топ-ўйинчилар, ҳаммаси миллионерлар! Улар сиз билан гаплашадими, юриш-туриши қанақа...Ҳаётдаги вазиятларни доим ҳам алмаштиравермаймиз. Шунинг учун Элдор сабр қилиб ишлаши керак.
“Абрахам голлар уряпти, демак ҳозир у кучли”
- Абрахам ўйнаяпти ва гол уряпти. Демак, у ҳозир кучли. Футболда шундай бўладики, омад келса кетма-кет голлар урасиз. Айрим пайтларда эса нимадир таъсир қилади ва гол ура олмай қоласиз. Ўрнига бошқаси тушади ва у гол уриб кетади, сиз эса қолиб кетасиз. Менимча, Шомуродов иккинчи рақамли ҳужумчи бўлса, озгина кутиши, меҳнат қилиши ва хулоса чиқариши керак. Вазият бўлди дегунча гол уриб Абрахамнинг жойини олиши даркор. Бу рақобат ва жуда яхши. Рақобатда ҳамма ўсади. Қолаверса, рақобат кучли бўлса, натижа ҳам ўсади. Ўйлайманки, “Рома”даги муҳит ажойиб. У ерда ҳаммаси бир-бири билан дўст. Ҳозир ким кучли бўлса, ўша ўйнаяпти. Мен яна хоҳлардимки, ўзбек футболчиларидан бир нечтаси Европанинг кучли чемпионатларида тўп суришсин. Сабр, меҳнат ва кутиш керак. Ҳаммаси бўлади. Бунга Шомуродов мисол.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда