
Агар Дональд Трамп жорий этган янги божлар ортидан Apple ўз iPhone смартфонларини АҚШда ишлаб чиқара бошласа, унинг нархи уч баравар ошиши мумкин. Бу ҳақда CNN манбаси хабар берди.
3500 долларлик iPhone?!
Wedbush Securities компанияси таҳлилчиси Ден Айвзнинг таъкидлашича, агар ишлаб чиқариш Осиёдан АҚШга кўчирилса, iPhone нархи тахминан 3500 долларгача етиб бориши мумкин.
“Телефонларни Ғарбий Виржиния ёки Нью Жерсида ишлаб чиқарасиз, демак, бу 3500 долларлик iPhone бўлади”, — дейди мутахассис.
Айвзнинг айтишича, ҳозирги кунда Осиёда шаклланган мураккаб ва самарали таъминот тизимини АҚШда қайта барпо этиш учун камида 30 миллиард доллар сарфланади ва бу жараён уч йил вақт талаб этади.
Apple’нинг миллиардлик хавотири
Apple компанияси смартфон қисмларининг асосий қисми — микросхема, дисплей ва бошқа модулларни Тайван, Жанубий Корея ва Хитой каби мамлакатларда ишлаб чиқаради. АҚШда асосан якка йиғиш жараёни амалга оширилади.
Январь ойида Apple акциялари 25 фоизга арзонлашган. Бунга сабаб — Хитой ва Тайван билан боғлиқ таъминот занжирига АҚШнинг бож сиёсати салбий таъсир кўрсатиши мумкин деган хавотирлар бўлган.
Apple АҚШга 500 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда
Февралда Apple маълум қилди: компания Хитойдан ташқарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва Трамп бошчилигидаги божлардан қочиш учун келаси 4 йилда АҚШда 500 миллиард долларлик сармоя амалга оширади.
iPhone нархи божсиз ҳам ошиши мумкин
Rosenblatt Securities таҳлилчилари фикрича, Apple бож харажатларини тўлиқ истеъмолчи зиммасига юклайдиган бўлса, iPhone нархи 43 фоизга ошиши мумкин.
Counterpoint Research компанияси вице-президенти Нил Шоҳ эса iPhone нархи тахминан 30 фоизга қимматлашиши мумкинлигини айтди. Бу кўп жиҳатдан смартфонларнинг қаерда ишлаб чиқарилишига боғлиқ бўлади.
Яқин йилларда iPhone сотиб олишни режалаштираётганлар эҳтиёт бўлишлари мумкин — нархлар ортида нафақат технология, балки сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар ҳам турганини унутмаслик керак. Агар Apple ишлаб чиқаришни АҚШга кўчирса, афсонавий телефонлар "афсонавий нарх"да сотилиши мумкин! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!