
Хитойнинг етакчи технологик компанияларидан бири бўлган Baidu ҳайвонларнинг товушлари ва хатти-ҳаракати орқали уларнинг эҳтиёж ва ҳис-туйғуларини аниқлай оладиган сунъий интеллект асосидаги таржимонни ишлаб чиқмоқда. Ушбу инновацион технологиянинг патенти South China Morning Post нашри журналистлари томонидан топилди.
Тизим товуш сигналлари, жисмоний ҳаракатлар ва ҳайвонларда кузатиладиган биологик ўзгаришларни таҳлил қилиш учун сунъий интеллектдан фойдаланади. Бу эса инсонларга ўз уй ҳайвонлари билан мулоқотни осонлаштириши мумкин.
Айтиш керакки, мазкур технология ҳали "Доктор Дулиттл" услубидаги бевосита сўзма-сўз мулоқотни ваъда қилмаяпти. Бироқ, бу тизим орқали уй ҳайвонларининг оч қолгани, ноқулайлик ҳис қилаётгани ёки ўз эгасининг эътиборини хоҳлаётганлигини тушуниш мумкин бўлади. Таржимон ҳайвонларнинг товуш оҳанги, тана ҳолати, хатти-ҳаракати ва бошқа муҳим белгиларни ўрганиш орқали маълумотни аниқлайди.
Бу йўналишдаги илк тадқиқот эмаслигини ҳам қайд этиш зарур. Масалан, Япония олимлари томонидан итлар овозини талқин қилувчи қурилма ишлаб чиқилган ва ушбу ихтиро Time журнали томонидан 2002 йилнинг энг яхши ихтироларидан бири сифатида тан олинган эди. Аммо ушбу лойиҳалар ҳали тўлиқ мукаммал даражага етмаган.
Baidu компанияси ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошира олса, бу уй ҳайвонлари эгалари учун катта ютуқ бўлиши мумкин. Улар ўз ёқимли дўстларининг эҳтиёжлари ва кайфиятини аниқроқ тушуниб, улар билан янада яқин алоқаларни ўрнатиш имконига эга бўладилар.
Ҳозирча ушбу технологиянинг қайси босқичда эканлиги ва амалиётда қачон фойдаланишга топширилиши ҳақида маълумот берилмаган. Аммо бу каби технологияларнинг пайдо бўлиши келажакда инсон ва ҳайвонлар ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиши мумкинлигига ишора қилмоқда.
Хитой ТехнологиясиСунъий ИнтеллектУй ҲайвонлариТаржимон ДастуриЯпония ОлимлариИнновацион Лойиҳа Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар