Смартфондан ўчириш керак бўлган 5 та илова

  • 05 декабрь 2016, 23:02
  • 6 281
  • Технология
  • Смартфондан ўчириш керак бўлган 5 та илова

    Маълумки, смартфоннинг самарали ва тезкор ишлаши жуда қўп омилларга боғлиқ. Аммо шуниси аниқки, бу жараёнда иловаларнинг ўрни жуда сезиларли. Шу боис смартфонга қурилманинг қувватини кўп сарфлайдиган, фонда доим ишлаб смартфон самарадорлигини камайтирадиган иловаларни ўрнатмаслик лозим. AndroidPit нашри смартфоннинг фаолиятига салбий таъсир қиладиган 5 та илова келтириб ўтиб, уларни дарҳол қурилмадан ўчириб юборишни тавсия қилди. Ушбу иловалар билан қуйида танишиб чиқамиз.

    Facebook

    Бундан бир неча ҳафта илгари Tech World Zone нашри мутахассислари ҳам Facebook ва Messenger иловаларини ўчириш смартфоннинг батарея қувватини 20%га ошириши ҳақида маълум қилган эди. Гап шундаки, Facebook иловаси фойдаланувчини янги ҳодисалар, билдиришномалар ва бошқа хабарлар ҳақида огоҳлантириш учун хизмат қилади. Бироқ у нафақат батарея қувватини кўп истеъмол қилади, балки интернет трафикнинг кўпроқ сарфланишига олиб келади. Шунинг учун мутахассислар Facebook Lite иловаси ёки ижтимоий тармоқ сайтининг мобил версиясини ишлатишни таклиф қиладилар.

    Clean Master (ёки бошқа тозаловчи иловалар)

    Бундай иловалар қурилманинг тезлиги ва самарадорлигини ошириш учун ундаги кераксиз файлларни ўчиришни таклиф этади. Бу фикр нотўғри эмас. Чиндан ҳам қурилмадаги кэшланган файлларни ўчириб юбориш унинг самарадорлигини кучайтириши мумкин. Бироқ ушбу иш учун махсус иловани телефонга юклаш шарт эмас. Балки смартфон созламаларига ўтиб, кэшланган файлларни, шу билан бирга, муайян иловага тегишли кэшларни ҳам бирма-бир ўчириб ташлашингиз мумкин. Унутманг, Clean Master каби иловалар ҳам сезиларли миқдорда батарея қувватини сарф этади. Бундан ташқари, бундай иловаларда реклама ҳам кўзда тутилган бўлади.

    Антивирус иловалари

    Android қурилма ва Play Store дўконининг ўзи антивирус вазифасини бажариши мумкин. Жумладан, Android Device Manager қўшимча иловаларсиз ҳам хавфсиз ишлаш хусусиятига эга. Таркибида вирус мавжуд иловаларни эса Google Play Store орқали автоматик тарзда текширади.

    Мобил қурилмага мўлжалланган антивирус иловалар фақатгина Play Store дўконидан ташқарида бўлган бошқа ресурслардан APK файлларни юклаб олганингизда ёрдам бериши мумкин. Антивирус илова номаълум манбалардан юкланган иловаларни ўрнатишда фойдаланувчини мавжуд хатар ҳақида огоҳлантиради (ҳаммаси ҳам эмас).

    Батарея қувватини тежайдиган иловалар

    Бундай иловаларнинг ҳам қурилма хотирасини тозалайдиган иловалар сингари кўп ҳолларда фойдасидан зарари кўп. Қизиғи шундаки, бундай иловаларнинг ўзи ҳам аслида батарея қувватини сарф этади. Android смартфондаги батарея сарфини фақатгина дастурни бошқариш орқали камайтириш мумкин. Бунинг учун эса рут керак бўлади. Шундай экан, ҳеч қандай илова операцион тизимнинг ҳимоясини ёриб ўтиб, бу ишни амалга ошира олмайди.

    Умуман олганда, батарея сарфини оптималлаштириш учун смартфон созламаларида бир нечта амалларни бажариш кифоя. Масалан, созламалар менюсидаги батарея бўлимида энг кўп қувват сарфлаётган иловаларни аниқлаш ва уларни ёпиш мумкин. Шунингдек, телефон тармоғининг доимо 3G (WCDMA) ёки 4G (LTE) стандартларига созланиши, ёрқин экран, GPS ва синхронизация ҳам батарея истеъмолини кескин ошириши мумкин. Зарядни тежаш учун қувватни тежаш режимларини фаоллаштириш ёрдам беради.

    Стандарт браузер

    Деярли барча Android қурилмаларда бирламчи созламалар асосида ўрнатилган браузерлар мавжуд бўлади. Агар сизни стандарт браузернинг фаолияти қониқтирмаса, уни ўчириб қўйишингиз мумкин. Мазкур браузер ўрнига эса ўзингизга маъқул браузер иловасини ўрнатсангиз бўлади.

    Одатда, Android смартфонлар батарея қувватини қурилма созмаларидан бевосита оптималлаштириш мумкин. Смартфонга жуда кўп кераксиз иловаларнинг ўрнатилиши ҳам дастур ишига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, оғир ҳажмли иловалар, ўйинлар смартфон тезлигини сусайтиради, батарея сарфини кўпайтиради. Шунинг учун бу каби иловалардан фойдаланиб бўлгандан кейин уларни ўчириб ташлаш зарар қилмайди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Смартфондан ўчириш керак бўлган 5 та илова