date

Трампнинг 9 миллиардлик ёрдами Интелъни қутқара оладими?

Трампнинг 9 миллиардлик ёрдами Интелъни қутқара оладими?

Сўнгги йилларда Intel компанияси катта муаммоларга дуч келди. У узоқ вақт дунёдаги энг кучли чип ишлаб чиқарувчи ҳисобланган бўлса-да, рақобатчилари — Тайваннинг TSMC ва АҚШнинг Nvidia компаниялари ундан олдинга ўтиб кетди. Энг катта муаммо эса янги технологияларни ишлаб чиқаришда мижозлар етишмаслиги бўлди.

Шунингдек, Intel ишлаб чиқараётган янги авлод чипларида сифат муаммолари кузатилмоқда. Ишлаб чиқарилган чипларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб бермаяпти, бу эса компаниянинг харажатларини кўпайтириб, фойда олиш имконини камайтирмоқда. Натижада Intel кетма-кет бир неча чорак давомида зарар кўриб келмоқда.

Шу шароитда АҚШ ҳукумати компанияга ёрдам беришга қарор қилди. Президент Доналд Трамп Intel'га қарийб 9 миллиард доллар сармоя ажратишини эълон қилди. Эвазига ҳукумат компаниянинг қарийб 10 фоиз улушини қўлга киритади. Бу маблағ Intel учун муҳим бўлса-да, у компаниянинг техник муаммоларини тўлиқ ҳал қилмайди.

Мутахассисларнинг айтишича, агар Intel янги технологияларни мижозларга муваффақиятли таклиф эта олмаса, давлат ёрдами фойда бермайди. Чунки асосий масала — йирик мижозларни топиш ва чипларнинг сифатини яхшилашдир. Акс ҳолда, компания чип ишлаб чиқариш бўйича рақобатда орқада қолаверади.

Натижада, Трампнинг бу қарори Intel'га вақтинчалик нафас олиш имконини берса-да, уни қутқариб қолиши шубҳали. Асосий вазифа — компаниянинг ўз технологияларини ривожлантириб, бозор ишончини қайтаришидир. Давлат маблағи эса фақат йўлни бироз енгиллаштириши мумкин, холос.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Трампнинг 9 миллиардлик ёрдами Интелъни қутқара оладими?