Apple компанияси томонидан ишлаб чиқилган навбатдаги янги авлод смартфонлари – iPhone 17 серияси жаҳон бозорига чиқиш арафасида турибди. Бу жараёнда Хитойнинг ишлаб чиқариш салоҳияти яна бир бор ҳал қилувчи омил сифатида намоён бўлмоқда. Бу ҳақда маҳаллий “Синьхуа” агентлиги хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, Чжэнчжоу шаҳрида жойлашган Foxconn заводи iPhone йиғишнинг асосий маркази ҳисобланади. У дунёдаги энг йирик ишлаб чиқариш майдонларидан бири бўлиб, Хитойнинг электрон саноатдаги глобал нуфузини янада мустаҳкамлаб келмоқда.
Айни пайтда завод тўлиқ қувват билан ишламоқда. Корхона раҳбариятининг таъкидлашича, жаҳон бозоридаги юқори талабни қондириш учун ишчи кучини ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, завод ишга қабул қилиш маркази олдида ҳар куни минглаб номзодлар узун навбатда туриши кузатилмоқда.
Foxconn кадрлар бўлими раҳбариятининг қайд этишича, июль ойи охиридан бери завод ҳар куни минглаб ишчиларни қабул қилмоқда ва бу ҳолат сентябрь охирига қадар давом этиши мумкин.
Заводда ишлаб чиқаришнинг энг юқори босқичларида ўн минглаб вақтинчалик ишчилар меҳнат қилади. Улар йиғиш, сифат назорати ва қадоқлаш ишларига жалб этилади.
Маҳаллий ишчилардан бири – Хэнань провинциясида яшовчи Чжао Яньхуэйнинг сўзларига кўра, уч ойлик меҳнат натижасида у ва турмуш ўртоғи 40 минг юандан (таҳминан 5 600 доллар) кўпроқ даромад олишлари мумкин. Бу эса минтақадаги ўртача маошдан анча юқори ҳисобланади.
Чжэнчжоу шаҳри айни пайтда халқаро транспорт марказига айланди. Бу ерда 8 та йирик юк ҳаво йўналишлари ишлайди, улар орқали Европа, Америка ва Осиёнинг 24 мамлакатидаги 100 дан зиёд шаҳарлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилган. Янгиланган iPhone серияси жўнатмалари бутун дунёга ҳаво, темир йўл ва автомобиль орқали тарқатилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!