APK файлларини Google Play’дан рўйхатдан ўтмасдан туриб чекловларсиз кўчириб усули

  • 06 февраль 2017, 15:51
  • 5 867
  • Технология
  • APK файлларини Google Play’дан рўйхатдан ўтмасдан туриб чекловларсиз кўчириб усули

    Google Play дастурлар каталогида Android тизимида ишловчи қурилмаларга мўлжалланган минглаб иловалар мавжуд. Аммо улардан айримларини турли сабабларга кўра қурилмангизга кўчириб ола билмаслигингиз мумкин. Шунда қуйидаги усул сизга қўл келиши аниқ. Зеро, бунда дастурни мутлақо бепул тарзда, Google Play’да рўйхатдан ўтмасдан туриб, ҳатто Google аккаунтингиз бўлмаса ҳам кўчириб олиш имкони бор! - деб ёзади Терабайт нашри.

    Аввало, аниқлик киритсак: хўш, қандай ҳолатларда дастурларни смартфонга юклаш имкони бўлмаслиги мумкин? Бунинг сабаблари одатда қуйидагилардан бири бўлади: ҳудудий чеклов, илованинг айнан сизнинг гаджетингиз моделига мувофиқ келмаслиги, баъзан эса Google сервисларидан фойдаланмаслигингиз ва ҳоказо. Масалан, смартфонига машҳур CyanogenMod прошивкасини ўрнатиб кўрганлар ҳам билишади – унда шунчаки Google Play йўқ.

    Мана шундай ҳолларда ўзингизга керакли илованинг APK кўринишидаги – ўрнатиладиган файлини компьютерингизга кўчириб олиш усули қўл келади. Бунинг учун дастлаб ўша илованинг саҳифасини компьютерингиздаги браузерда очасиз, кейин эса унинг манзилидаги play.google.com қисмини apk-dl.com шаклида ўзгартириб, Enter тугмачасини босасиз.

    Шунда сиз ўша дастурнинг ўрнатиладиган файлини кўчириб олиш саҳифасига ўтасиз. Буёғи осонгина – Download APK File тугмачасини босиб, уни сақлаш жойини кўрсатсангиз бас – илова файли компьютерингизга кўчириб олинади. Кейин эса уни ўзингизга қулай усулда мобил қурилмангизга ўтказиб олиб, ўрнатишингиз мумкин бўлади. Шу усул билан сиз ҳар қандай тақиқларни айланиб ўтиб, керакли APK-файлларни кўчириб олиш имконига эгасиз.

    Бундан ташқари, apk-dl.com сервисининг қидирув функциясидан фойдаланган ҳолда, Google Play’га ўтмасдан туриб ҳам ўзингизга керакли дастурларни ундан излашингиз мумкин. Мазкур усуллардан мобил қурилмангиздаги браузер орқали фойдалансангиз, илова файлини бирйўла гаджетингизнинг ўзига кўчириб олсангиз ҳам бўлади – ҳеч қанақа компьютер ҳам керак эмас.

    Таъкидлаб ўтиш керакки, apk-dl.com сервиси ёрдамида дастурларни кўчириб олишнинг электрон қароқчиликка ёки серверларни бузиб киришга умуман алоқаси йўқ. Шу сабабли, бундай йўл билан пулли иловаларни кўчириб олиш ёки иловалар ичидаги қандайдир чекловларни айланиб ўтишнинг умуман иложи йўқ. Бу шунчаки, сизнинг Google Play каталогингизда кўчириб олиш имкони бўлмаган APK-файлларни кўчиришнинг бир усали, шунингдек, ўз қурилмасида Google сервисларини ишлатмайдиган фойдаланувчилар учун бир чора, холос.

    » » APK файлларини Google Play’дан рўйхатдан ўтмасдан туриб чекловларсиз кўчириб усули