Россияда телеграм фойдаланувчилари носозликлардан шикоят қилмоқда

Россияда Telegram мессенжери фаолиятини чеклаш чоралари бошланган. Бу ҳақда РБК нашри соҳа мутасаддилари ва расмий идоралардаги манбаларга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Роскомнадзор 2026 йил 10 февралдан бошлаб Telegram ишини қисман секинлаштириш бўйича амалий ишларни бошлаган. Манбаларга кўра, “секинлаштириш чораларининг” айримлари аллақачон жорий этилган бўлиб, расмий идора бу борада ҳали изоҳ бермаган.
9 ва 10 февраль кунлари россиялик фойдаланувчилар Telegram ишидаги узилиш ва муаммолар ҳақида шикоят қилган. Аввалроқ — январь ва декабрь ойларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилганди.
Шу билан бирга, ахборот сиёсати қўмитаси раисининг ўринбосари Александр Юшченко ушбу масала қўмитада муҳокама қилинмаганини билдирган. Бироқ агар Telegram қонунчилик талаблари асосида ишламаса, уни блоклаш эҳтимоли борлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия 2018 йилда Федерал хавфсизлик хизматига хабарларни дешифрлаш калитларини тақдим этмагани сабаб Telegram’ни блоклашга уриниб кўрганди. Бироқ 2020 йил июнь ойида бу талаблар бекор қилиниб, мессенжерга кириш яна эркинлаштирилган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!