Россия СЖ-100 самолёти синовларини ёз охиригача якунламоқчи

Бирлашган авиация корпорацияси (ОАК) импорт ўрнини босувчи СЖ-100 самолёти учун сертификатлаштириш парвозлари дастурини шу йилнинг ёз охиригача якунлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда корпорация раҳбари Вадим Бадеха ТАСС агентлигига берган интервюсида маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Бадеханинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда синов парвозлари умумий ҳажмининг қарийб 20 фоизини бажариш қолган. У MS-21 ва СЖ-100 лойиҳалари якуний босқичда эканини таъкидлаб, MS-21 самолёти бўйича парвозларнинг 70 фоизи ҳали олдинда эканини қўшимча қилди.
Аввалроқ Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров маҳаллий ПД-8 двигателлари билан жиҳозланган янги СЖ-100 самолётларини етказиб бериш 2026-йил охири ёки 2027-йилнинг биринчи чорагида бошланиши мумкинлигини айтган эди.
Маълумот учун, ПД-8 двигателининг ўзи барча синовлардан ўтиб бўлган ва унга тегишли сертификат июн ойи бошида олиниши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа Россия авиация саноатининг хорижий бутловчи қисмларга қарамлигини камайтиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!