Европа Иттифоқи муҳим рақамли хизматларни хорижий таъсирдан ҳимоя қилмоқда

Европа комиссияси Европа Иттифоқининг технологик суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган янги таклифларни тақдим этди. Ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — булутли хизматлар, сунъий интеллект ва яримўтказгичлар соҳасида хорижий етказиб берувчиларга бўлган қарамликни камайтиришдир. Еврокомиссия вице-президенти Ҳенна Вирккуненнинг таъкидлашича, иттифоқ ҳаётий муҳим рақамли тизимларни хорижий давлатлар ёки компаниялар томонидан ўчириб қўйилиши хавфидан холи бўлиши керак. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мазкур чора-тадбирлар, биринчи навбатда, давлат хизматлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва мудофаа тизимлари ишлайдиган булутли инфратузилмага тегишли. Брюсселда АҚШнинг 2018-йилда қабул қилинган Cloud Акт қонуни борасида хавотирлар кучаймоқда. Ушбу ҳужжат АҚШ федерал органларига Америка компаниялари томонидан ҳатто мамлакат ташқарисида сақланаётган маълумотларга ҳам кириш имконини беради, бу эса Европанинг маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига зид келади.
Янги таклифларга кўра, Европа Иттифоқи давлатлари мудофаа, жиноий адлия ва чегара назорати каби муҳим соҳаларда қўлланиладиган булутли хизмат етказиб берувчиларининг хатарларини баҳолаши шарт бўлади. Агар етказиб берувчи хавф манбаи деб топилса, давлат органлари муқобил платформага ўтишга мажбур қилиниши мумкин. Шунингдек, хорижий провайдерлар Европа фойдаланувчиларининг маълумотларини ўз ҳукуматларига бермасликларини исботлашлари керак бўлади.
Ушбу чоралар Европа Иттифоқи ва Доналд Трумп маъмурияти ўртасидаги муносабатларни янада мураккаблаштириши мумкин. Amazon ва Google каби гигантларни ўз ичига олган Компутер анд Коммуникатионс Индустрй Ассосиатион ассоциацияси аллақачон ушбу чекловлар Европа бозорининг халқаро етказиб берувчилар учун ёпилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Экспертларнинг фикрича, яқин ойларда йирик технологик компаниялар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун лобби фаолиятини кучайтиради.





























Изоҳлар 0
…