Деэзер Apple Мусик ва Spotify учун сунъий интеллект детекторини ишга туширди

Деэзер мусиқа стриминг сервиси сунъий интеллект ёрдамида яратилган трекларни аниқлаш учун мўлжалланган оммавий ва бепул воситани ишга туширганини эълон қилди. Янги хизмат нафақат Деэзер экотизимида, балки Apple Мусик ва Spotify каби бошқа машҳур платформалардаги плейлистларни ҳам таҳлил қилиш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Деэзер бош директори Алексис Лантерне ушбу ташаббус ҳақида гапирар экан, ҳозирча ҳеч бир бошқа компания бундай қадам ташламаганини таъкидлади. Шу сабабли, компания фойдаланувчиларга қайси стриминг платформасидан фойдаланишидан қатъи назар, ўз плейлистларида синтетик треклар бор-йўқлигини текшириш имкониятини беришга қарор қилган.
Текшириш жараёни жуда содда: фойдаланувчи махсус саҳифага кириб, ўзининг мусиқа платформасини танлайди ва аккаунтга кириш рухсатини беради. Шундан сўнг, Деэзер тизими плейлистларни автоматик сканерлайди ва қайси қўшиқлар сунъий интеллект ёрдамида яратилганини кўрсатади. Ушбу восита 27 тилда мавжуд бўлиб, 20 дан ортиқ энг кенг тарқалган стриминг сервисларини қўллаб-қувватлайди.
Деэзер ўз платформасида сунъий интеллект мусиқасига қарши фаол кураш олиб бормоқда. Компания ҳар куни тахминан 75 000 та генерация қилинган трекларни қабул қилади, бу эса кунлик юкланмаларнинг 44 фоизини ташкил этади. 2025-йил давомида платформада 13,4 миллиондан ортиқ шундай композициялар аниқланган ва белгиланган. Уларнинг барчаси алгоритмик тавсиялар ва таҳририят плейлистларидан чиқариб ташланади.
Муаммо фирибгарлик даражаси юқорилиги сабабли кескинлашган. Деэзер маълумотларига кўра, 2025-йилда тўлиқ сунъий мусиқа орқали амалга оширилган стримларнинг 85 фоизигача бўлган қисми фирибгарлик мақсадида, яни муаллифлик гонорарларини ноқонуний олиш учун ишлатилган.






























Изоҳлар 0
…