Мобил аккумуляторлар даври тугамоқда: Anker раҳбари кутилмаган баёнот берди

Мобил аккумуляторлар даври тугамоқда: Anker раҳбари кутилмаган баёнот берди

Anker Инноватион асосчиси ва бош директори Ян Мен мобил аккумуляторлар бозори келажакда бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини маълум қилди. Топ-менежер мисол тариқасида MP3-плеерлар, кассетали ва КД-плеерлар тақдирини келтириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, истеъмол электроникасининг аксарият тоифалари оммавий тарқалишдан бозорни тарк этгунига қадар тахминан ўн йил яшайди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Anker узоқ вақт давомида айнан мобил аккумуляторлар билан боғланган бўлса-да, ҳозирда компания ушбу йўналишга камроқ боғланиб қолган. 2025-йил якунларига кўра, Anker тушуми 23,5 фоизга ошиб, қарийб 4,2 миллиард долларни ташкил этди. Бунда қувватлаш қурилмалари ва энергияни сақлаш тизимлари даромаднинг ярмини келтирган бўлса, анъанавий пауербанклар энди асосий даромад манбаи ҳисобланмайди.

2026-йилнинг биринчи чорагида компания тушуми қарийб 1 миллиард долларга етди, бироқ соф фойда бироз камайган. Аввалроқ компания вакиллари маҳсулот ассортиментининг ҳаддан ташқари кенглиги сифат назоратига салбий таъсир кўрсатганини тан олган эди. Маълумотларга кўра, фақатгина 2024-йилнинг ўзида компания линиясида 100 га яқин турли хил пауербанк моделлари мавжуд бўлган.

Ян Меннинг фикрича, бозорнинг келажаги смартфонлар ва бошқа мобил қурилмаларнинг ўзидаги аккумуляторлар ривожланиши билан белгиланади. Агар гаджетларнинг автоном ишлаш вақти ўсишда давом этса, алоҳида ташқи батареяларга бўлган эҳтиёж кескин камайиб кетиши муқаррар.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар