SpaceX коинотга янги Старфалл аппаратини учиради: Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари

Илон Маск асос солган SpaceX компанияси бугун, 23-июн куни ўзининг энг янги ва сирли ишланмаларидан бири — Старфалл космик аппаратини илк бор коинотга учиришни режалаштирмоқда. Ушбу миссия нафақат технологик мураккаблиги, балки космик юк ташиш соҳасида янги даврни бошлаб бериши билан ҳам соҳа мутахассислари эътиборини тортмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
АҚШ Федерал авиация бошқармаси (ФАА) маълумотларига кўра, Старфалл аппарати икки қисмдан иборат бўлиб, унинг конструкцияси ўта чидамли материаллардан ишланган. Аппаратнинг юқори қисми оғирлиги тахминан 1400 килограмм бўлган алюминий конструкциядан иборат бўлиб, у махсус иссиқликдан ҳимоя қилувчи қатлам билан қопланган. Бу қисм парвознинг энг юқори босқичларида асосий юкни ўз ичига олади.
Қурилманинг пастки қисми эса иссиқлик қалқони вазифасини бажаради. У углерод толасидан тайёрланган бўлиб, умумий вазни 700 килограмм атрофида. Ушбу қисмга юқори босимли баллонлар (КОПВ) ўрнатилган бўлиб, улар аппаратнинг атмосферага қайта кириш жараёнида йўналишни бошқариш учун инерт газ (эҳтимол, азот) билан таъминлайди.
Техник имкониятлар ва хавфсиз қўниш
Старфалл аппаратининг асосий хусусияти унинг атмосферага қайта кириш вақтида икки қисмга ажралишидир. Плазма босқичидан ўтгандан сўнг, аппарат тезлигини пасайтириш учун тормозловчи ва асосий парашютлар тизими ишга тушади. Бу эса қурилманинг океанга хавфсиз тарзда қўнишини (сплашдовн) таъминлайди. SpaceX ушбу технология орқали юкларни қайта фойдаланиш имконияти билан етказиб беришни мақсад қилган.Компания келажакда Старфалл аппаратларини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Ушбу қурилмалардан турли соҳаларда, жумладан, гуманитар ва тижорат мақсадларида фойдаланиш кўзда тутилган. Бироқ энг муҳим йўналишлардан бири ҳарбий мақсадлар бўлиши мумкин.
Хусусан, Старфалл ёрдамида юкларни дунёнинг бир нуқтасидан иккинчи нуқтасига ўта қисқа вақт ичида етказиб бериш имконияти ҳарбийлар учун жуда қўл келади. Бу низо ҳудудларига ёки фавқулодда ёрдамга муҳтож районларга ўта муҳим юкларни тезкор етказишда инқилобий ечим бўлиши кутилмоқда.
ixbt.com нашрининг ёзишича, ушбу парвоз Falcon 9 ракета-ташувчисининг биринчи босқичи учун рекорд даражадаги 29-миссия бўлади. Аввалроқ ушбу ракета Крев-6, СEС О3б мПОВEР-Б ва 23 та Starlink миссиялари каби муҳим лойиҳаларда муваффақиятли қўлланилган. Бугунги старт SpaceX учун қайта фойдаланиладиган технологиялар борасидаги навбатдаги муҳим имтиҳон ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…