Хитойда Claude сунъий интеллектига кириш учун улкан яширин бозор шаклланди

АҚШнинг Anthropic компанияси ўзининг Claude сунъий интеллект ботидан Хитой фойдаланувчилари фойдаланишини қатъий чеклашга уринаётган бир пайтда, ушбу мамлакатда тақиқларни четлаб ўтишнинг кенг кўламли яширин экотизими юзага келди. Виред нашри ўтказган суриштирув натижаларига кўра, тайёр аккаунтлар савдоси, сохта шахслар ва махсус воситачи сервислар орқали Claude тизимига кириш хизматлари Хитой технологик бозорининг ажралмас қисмига айланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Anthropic компанияси OpenAI собиқ ходимлари томонидан асос солинган бўлиб, у хавфсизлик сиёсатига ўта жиддий ёндашиши билан танилган. Компания Хитойлик фойдаланувчилар учун расмий киришни ёпиб қўйган ва фақатгина геоблокировка ёки ИП-манзилларни текшириш билан чекланиб қолмаяпти. Улар VPN ва прокси ишлатаётган шубҳали профилларни фаол равишда блокламоқда, ҳатто яқинда Персона сервиси орқали давлат ҳужжатлари ёрдамида шахсни тасдиқлашни талаб қила бошлади.
Тақиқларни четлаб ўтиш усуллари ва "транзит станциялар"
Бироқ, Хитойлик фойдаланувчилар бу тўсиқларни айланиб ўтишнинг самарали йўлларини топишган. Энг оддий схема хорижий телефон рақамлари ва тўлов карталаридан фойдаланиш бўлса, мураккаброқ усуллар Таобао, Хианю ва Telegram каналларида тайёр верификациядан ўтган аккаунтларни сотиб олишни ўз ичига олади. Кибержиноятчилик бўйича мутахассислар Claude Pro ва Claude Max обуналарига бўлган талаб қора бозорда барқарор ўсишини қайд этишмоқда.Айниқса, "транзит станциялар" (релай статионс) деб аталувчи сервислар оммалашган. Ушбу платформалар Claude расман ишлайдиган мамлакатларда жойлашган бўлиб, Anthropic компаниясининг API хизматига корпоратив кириш ҳуқуқини сотиб олади ва сўнгра уни Хитой ичидаги фойдаланувчиларга қайта сотади. Мижоз учун бу оддий чат интерфейси каби кўринади: сўров маҳаллий сайтга юборилади, у ердан оралиқ сервер орқали Claude тизимига боради ва жавоб қайтади.
Дастурчилар ва технологик компаниялар ходимлари орасида Claude модели маҳаллий DeepSeek ёки Z.ai каби аналоглардан кўра кўпроқ қадрланади. Оксфорд университети тадқиқотчиси Зилан Қианнинг сўзларига кўра, хитойлик мутахассислар миллий тил моделларининг АҚШ ишланмаларидан, айниқса дастурлаш масалаларида, 6 ойдан 9 ойгача ортда қолаётганини таъкидлашади. Шу сабабли, мураккаб IT-лойиҳалар учун Claude Коде ва шунга ўхшаш воситалар ҳаётий заруратга айланган.
Геосиёсий рақобат ва хавфсизлик масалалари
АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик совуқ уруш фонида, Anthropic раҳбари Dario Amodei хитойлик компанияларнинг илғор моделларга киришини миллий хавфсизликка таҳдид деб атади. Унинг фикрича, Хитой компаниялари Claude жавобларидан ўз моделларини ўқитиш (дистиллация усули) учун фойдаланиши мумкин. Яқинда Anthropic ҳатто Хитойнинг Алибаба гигантини шундай амалиётда очиқчасига айблаб чиқди.Қизиғи шундаки, киритилган чекловлар фақат янги айланма йўлларнинг пайдо бўлишига туртки бермоқда. Ҳужжат орқали шахсни тасдиқлаш талаби қўйилгач, бозорда аллақачон верификациядан ўтган "рақамли шахслар" савдоси авж олди. Бу ҳолат глобал статистикани ҳам чалкаштириб юбормоқда. Масалан, 6 миллион аҳолиси бўлган Сингапур Claude тизимидан фойдаланиш бўйича дунёда етакчилар қаторида туради, экспертлар эса бу трафикнинг катта қисми аслида Хитойдан келаётганига ишонишади.






























Изоҳлар 0
…