NASA Ойга ядро двигателли Промисе роверини юборишни режалаштирмоқда

АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) коинотни тадқиқ қилишда кутилмаган ва дадил қадам ташлаш арафасида турибди. Агентлик мутахассислари Марсда фаолият юритаётган Perseverance роверининг тўлиқ ўлчамли нусхасини Ойнинг Жанубий қутбига юбориш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда. Ҳозирда Калифорниядаги Реактив ҳаракат лабораториясида синов объекти сифатида фойдаланилаётган ушбу қурилма коинотга учиш учун мўлжалланмаган эди, бироқ Ой миссиясини жадаллаштириш эҳтиёжи режаларни ўзгартириб юборди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Промисе лақабини олган ушбу ровер автомобил ўлчамига эга бўлиб, унинг асосий устунлиги энергия манбаида эканлиги айтилмоқда. NASA маълумотларига кўра, қурилмани кўп мақсадли радиоизотоп термоэлектрик генератори (РИТEГ) билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бу эса ровернинг қуёш нури етиб бормайдиган ва ўта мураккаб релефга эга бўлган ҳудудларда ҳам тўхтовсиз ишлашини таъминлайди.
Ядро энергиясининг афзалликлари
NASAнинг аксарият аппаратлари, жумладан, Ойга қўндириладиган кўплаб модуллар қуёш энергиясига таянади. Бироқ Ой туни узоқ ва ўта совуқ бўлгани сабабли, қуёш панеллари билан жиҳозланган техникалар кўпинча ишдан чиқади ёки вақтинча фаолиятини тўхтатади. Ядровий РИТEГ генератори эса плутоний-238 парчаланишидан ҳосил бўладиган иссиқликни электр энергиясига айлантириб, ровернинг исталган шароитда омон қолишига имкон беради.NASA маъмури Жаред Айзекманнинг таъкидлашича, Промисе миссияси Ой базасини қуриш йўлидаги муҳим босқич бўлиши мумкин. Агентликда ҳозирда етарли миқдорда плутоний захираси мавжуд бўлиб, у қурилманинг узоқ йиллар давомида узлуксиз ишлашини кафолатлайди. Бу эса олимларга Ойнинг энг қоронғу кратерларини ҳам ўрганиш имконини беради.
Етказиб бериш масаласи ва ҳамкорлик
Вазни қарийб 1 тоннани ташкил этувчи бундай йирик роверни Ой сиртига етказиш осон вазифа эмас. Шу сабабли, NASA ушбу миссияда хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорлик қилишни кўзда тутмоқда. Промисе роверини манзилга етказиш учун Blue Origin компаниясининг Блуе Моон модули ёки SpaceX компаниясининг Starship коинот кемасидан фойдаланилиши мумкин.Лойиҳа раҳбари Карлос Гарсия-Галан бу имкониятни "ҳайратланарли" деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мавжуд технологиядан фойдаланиш ҳам вақтни, ҳам маблағни тежашга ёрдам беради. Энг асосийси, ядровий қувват манбаи туфайли тадқиқотчилар Ой тунидан қўрқмасдан, сайёрамизнинг табиий йўлдошини ҳар қандай нуқтасида тадқиқотлар олиб боришлари мумкин бўлади.
Ушбу миссия амалга ошса, Промисе Ой юзасидаги энг кучли ва чидамлил роверга айланади. Бу эса келажакда инсониятнинг Ойда доимий истиқомат қилиши учун зарур бўлган инфратузилмани яратишда ҳал қилувчи рол ўйнаши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…