Tesla Optimus ишлаб чиқаришга тайёр: Илон Маск дунёдаги энг илғор робот заводини очди

Tesla компанияси ўзининг инсоний роботлари — Optimus лойиҳасини янги босқичга олиб чиқди. Компания раҳбари Илон Маск ижтимоий тармоқларда Фремонт шаҳридаги заводдан янги суратни улашди. Мазкур суратда Tesla флагманлари бўлган Модел С ва Модел Х автомобиллари ўрнини эндиликда роботлар ишлаб чиқариш линияси эгаллагани акс этган. Бу нафақат технологик янгиланиш, балки компаниянинг келажакдаги асосий йўналиши ўзгараётганидан далолат беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Фремонтдаги завод Tesla тарихида муҳим ўрин тутади. 2010-йилда Toyota ва GM ҳамкорлигидаги НУММИ корхонасидан сотиб олинган ушбу маскан, 2012-йилдан буён компаниянинг асосий ишлаб чиқариш маркази бўлиб келган. Эндиликда эса бу ерда дунёдаги энг мураккаб ва илғор гуманоид роботлар йиғилади. ixbt.com маълумотига кўра, автомобил линиясини робот ишлаб чиқариш тизимига айлантириш учун бор-йўғи тўрт ой вақт сарфланган.
Рекорд даражадаги тезкор трансформация
Илон Маск ушбу жараённи "ақл бовар қилмайдиган даражада тез" деб таърифлади. Автомобил йиғиш линиялари бутунлай демонтаж қилиниб, ўрнига Германиядан келтирилган модулли ускуналар ва ўнлаб янги бутловчи қисмлар линиялари ўрнатилган. Ушбу янги тизим Optimus Ген 3 роботларининг мураккаб қисмлари, жумладан, приводлар ва батареяларни йиғишга ихтисослашган.Optimus роботининг ҳар бири тахминан 10 000 та ноёб деталлардан иборат бўлиб, бу ишлаб чиқариш жараёнини анча мураккаблаштиради. Шу сабабли, дастлабки босқичда ишлаб чиқариш ҳажми секин ўсиши кутилмоқда. Бироқ Tesla узоқ муддатли истиқболда Фремонтдаги ушбу линия қувватини йилига 1 миллион дона роботга етказишни режалаштирган.
Келажак режалари ва кутилаётган нархлар
Tesla раҳбариятининг фикрича, Optimus компания тарихидаги энг кенг кўламли маҳсулотга айланади. Маскнинг прогнозларига кўра, келажакда ушбу роботларга бўлган талаб 20 миллиард донадан ошиб кетиши мумкин. Бу эса инсоният тарихидаги ҳар қандай бошқа технологик қурилмадан кўпроқ демакдир. Роботларнинг асосий вазифаси нафақат саноатда, балки кундалик ҳаётда ҳам инсонларга ёрдам беришдан иборат бўлади.Компания томонидан белгиланган режаларга кўра:
- Optimus роботларининг оммавий ишлаб чиқарилиши шу йилнинг ёзида бошланади;
- Дастлабки сотувлар 2027-йил охирига бориб йўлга қўйилиши кутилмоқда;
- Битта роботнинг нархи тахминан 20 000 доллардан 30 000 долларгача бўлиши тахмин қилинмоқда.






























Изоҳлар 0
…