Аирбус стратегиясини ўзгартирди: Гигант лайнерлар даври ўрнини ихчам самолётлар эгаллайди

Авиация оламининг етакчи гигантларидан бири бўлган Аирбус корпорацияси келгуси 20 йилга мўлжалланган глобал прогнозини янгилади. Компания илк бор бозорнинг ўсиш суръатлари борасидаги кутилмаларини пасайтирди ва асосий эътиборни улкан A380 каби лайнерлардан ихчам ҳамда тежамкор моделларга қаратишини маълум қилди. Бу ўзгариш дунё бўйлаб авиаташувлар логистикасининг тубдан ўзгараётганидан далолат беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги ҳисоботга кўра, 2026-йилдан 2045-йилгача бўлган даврда жаҳон авиакомпаниялари жами 42 060 та янги йўловчи самолётини қабул қилиб олади. Бу кўрсаткич аввалги прогнозларга нисбатан 1 фоизга камдир. Аирбус таҳлилчилари ушбу ҳисоб-китобда нафақат ўз маҳсулотларини, балки Boeing, Хитойнинг КОМАК ва Россиянинг MS-21 лойиҳаларини ҳам инобатга олганлар. Бозорнинг секинлашишига геосиёсий беқарорлик ва савдо чекловлари асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.
Йирик хаблардан воз кечиш стратегияси
Аирбус бозор таҳлили бўлими раҳбари Антонио да Коста соҳа пандемиядан кейинги тикланишнинг энг юқори нуқтасига етганини таъкидлади. Эндиликда авиакомпаниялар паркни шунчаки кенгайтириш эмас, балки уни самарали янгилашга эътибор қаратмоқда. Башорат қилинаётган янги самолётларнинг қарийб 47 фоизи эски моделларни алмаштириш учун харид қилинади. Бу кўрсаткич аввалги ҳисоботларда 45 фоизни ташкил этган эди.Компания стратегиясидаги энг катта бурилиш — бу ўта йирик лайнерлар концепциясидан воз кечишдир. Бир пайтлар осмон қироли ҳисобланган A380 моделини ишлаб чиқариш тўхтатилгач, Аирбус энди A220 ва A321XLR каби ихчам моделларга пул тикмоқда. Ушбу самолётлар авиакомпанияларга йирик транзит марказларига (хабларга) боғланиб қолмасдан, шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш имконини беради.
Осиё бозори ва янги йўналишлар
Келажакдаги талабнинг асосий қисми, яни қарийб 33 920 таси тор фюзеляжли (бир йўлакли) самолётлар ҳиссасига тўғри келади. Бу сегментда Аирбус A320neo ва Boeing 737 МАХ каби моделлар ўртасидаги рақобат янада кучайиши кутилмоқда. Минтақавий нуқтаи назардан эса Осиё дунё авиациясининг асосий двигатели бўлиб қолмоқда. Янги самолётларнинг деярли ярми айнан ушбу қитъага етказиб берилади.Қизиқарли жиҳати шундаки, Аирбус Ҳиндистон бозорига жуда катта ишонч билдирмоқда. Мамлакат ички авиаташувларининг ўсиш прогнози 8,9 фоиздан 9,1 фоизга кўтарилди. Аксинча, Хитой бўйича кутилмалар бироз пасайтирилиб, йиллик ўсиш 4,7 фоиз даражасида белгиланди. Ўзбекистон каби ривожланаётган бозорлар учун ҳам ихчам ва узоқ масофага учувчи A321XLR каби моделлар янги халқаро йўналишларни очишда жуда қулай ҳисобланади.
Яқин Шарқдаги можаролар ва нефт нархининг беқарорлиги авиакомпанияларни эҳтиёткор бўлишга мажбур қилмоқда. Шу сабабли, Аирбус келажакни фақатгина сиғимда эмас, балки ёқилғи тежамкорлиги ва парвозлар мослашувчанлигида кўрмоқда. Бу эса авиация саноатида "гигантизм" даври якунланиб, самарадорлик даври бошланаётганидан далолат беради.






























Изоҳлар 0
…