Х платформаси контент ўғриларига қарши курашни кучайтирди: Даромадлар эгаларига қайтарилади

Илон Маскка тегишли Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғи муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва платформадаги даромад тақсимоти тизимини тартибга солиш йўлида кескин чораларни эълон қилди. Компания бошқа фойдаланувчиларнинг видеоларини ва матнли постларини ўзлаштириб, улар орқали пул ишлаётган аккаунтларга қарши курашни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу чора-тадбирлар нафақат контент ўғирлигини камайтириш, балки ҳақиқий ижодкорларни рағбатлантиришни кўзда тутади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Х муҳандиси Кристофер Бирнинг маълум қилишича, платформанинг Grok AI моделининг янги талқини эндиликда кўчирилган контентни аввалгига қараганда уч баробар самаралироқ аниқлаш имкониятига эга. Тизим нафақат видеоларни, балки вирусли даражага чиққан матнли постларни ҳам таҳлил қилади. Агар фойдаланувчи бировнинг видеосига сув белгилари (ватермарк) ёки сохта кириш қисмларини қўшиб, уни ўзиники қилиб кўрсатишга уринса, ушбу постдан тушадиган барча реклама даромадлари автоматик равишда асл муаллифга йўналтирилади.
Сунъий интеллект ва ботларга қарши кураш
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда контент ўғирлаш кўп ҳолларда автоматлаштирилган ботлар ёрдамида амалга оширилмоқда. Х маълумотларига кўра, сўнгги сикл давомида 1,5 миллиондан ортиқ ўғирланган постлар аниқланган. Ушбу янги механизм туфайли 1 миллион доллардан ортиқ маблағ ўз эгаларига қайтарилиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич платформадаги адолатли рақобат муҳитини тиклаш йўлидаги муҳим қадамдир.Шунингдек, компания ботларга қарши курашни ҳам тезлаштирган. Апрел ойидаги маълумотларга кўра, платформа ҳар дақиқада ўртача 208 та ботни аниқлаб, блокламоқда. Бу кўрсаткич кундан-кунга ўсиб бормоқда, чунки сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта аккаунтлар ижтимоий тармоқ экотизимига жиддий зарар етказмоқда.
Ликелар учун „тузоқ“ қўювчилар жазоланади
Янги қоидаларга кўра, фақат контент ўғирлиги эмас, балки сунъий равишда фаолликни оширишга уринишлар (энгагемент баит) ҳам қаттиқ назоратга олинади. Масалан, „Ким жавоб ёзса, ҳаммасига обуна бўламан“ каби вадалар билан аудитория йиғувчи фойдаланувчилар даромад олиш дастуридан четлатилади. Агар бундай ҳолат уч марта такрорланса, фойдаланувчининг аккаунти бутунлай блокланиши мумкин.Х раҳбарияти ҳатто энг машҳур блогерларни ҳам бу борада огоҳлантирган. Масалан, дунёдаги энг бой ютубер МрБеаст ҳам видеоларни кўриш учун молиявий мукофотлар вада қилгани сабабли танқидга учраган эди. Платформа маълумотига кўра, фойдаланувчиларни сунъий усуллар билан ушлаб туриш ижтимоий тармоқ сифатини пасайтиради.
Ушбу ўзгаришлар Х платформасини Instagram, Facebook ва Reddit каби рақобатчилари билан бир қаторга қўяди. Мазкур платформалар аллақачон контентни қайта юклашни (репост) аниқловчи техник воситаларни жорий қилган эди. Эндиликда Х ҳам ўзининг видео муҳаррири ва ички воситалари орқали оригинал контент яратувчиларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.






























Изоҳлар 0
…