Сунъий интеллект инсонни адаштирмоқда: Тадқиқот кутилмаган хавфни очиқлади

Замонавий технологиялар ривожланиши билан сунъий интеллект (AI) тизимлари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бироқ, Франция ва Италиянинг учта нуфузли университети олимлари томонидан ўтказилган янги тадқиқот кутилмаган хавотирли хулосаларни тақдим этди. Маълум бўлишича, AI маслаҳатларига таяниш инсоннинг ўз билимини холис баҳолаш қобилиятини сезиларли даражада ёмонлаштиради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Эксперимент давомида иштирокчиларнинг ўз билимларига бўлган ишончи ва ҳақиқий натижалари ўртасидаги мутаносиблик ўрганилди. Натижалар шуни кўрсатдики, сунъий интеллект ёрдамидан фойдаланган шахслар ўзларининг ноҳақ эканликларини тан олишга қийналиб, хато жавобларни ҳақиқат сифатида қабул қилишга мойил бўлиб қолишган. Энг қизиғи, уларнинг ўз жавобларига бўлган ишончи кескин ортган бўлса-да, аниқлик даражаси аксинча пасайиб кетган.
Ишонч ортмоқда, аниқлик эса пасаймоқда
Тадқиқотчилар иштирокчиларга мураккаб саволларни беришди ва уларни икки гуруҳга ажратишди. AI ёрдамисиз ишлаган гуруҳ аъзолари саволга жавобни билмасликларини 44 фоиз ҳолатда очиқ тан олишган. Бироқ, тизим маслаҳатларидан фойдаланган гуруҳда бу кўрсаткич атиги 3 фоизга тушиб кетган. Яни, одамлар билмасликларини тан олиш ўрнига, AI тақдим этган нотўғри маълумотга кўр-кўрона ишонишни афзал кўришган.Рақамлар янада ҳайратланарли: AI ёрдамида жавоб берганларнинг аниқлик даражаси 27 фоиздан 9 фоизгача тушиб кетган, аммо уларнинг ўз ҳақ эканликларига бўлган ишончи ўртача 30 фоиздан 76 фоизга кўтарилган. ixbt.com маълумотига кўра, тажрибада атайлаб замонавий AI моделлари адашиши мумкин бўлган саволлардан фойдаланилган. Масалан, "Бенд Ит Лике Бекхам" фильми қаҳрамонларининг спорт формаси ранги каби визуал деталлар сўралган.
Молиявий рағбат ҳам ёрдам бермади
Олимлар тажрибада Степ 3.5 Флаш моделидан фойдаланишган, чунки ушбу модел бундай турдаги топшириқларда кўпинча хато қилиши аниқланган. Тадқиқот муаллифлари иштирокчиларни тўғри жавоб учун пул мукофоти билан рағбатлантириб ҳам кўришди. Молиявий манфаат бўлганида ҳам вазият сезиларли ўзгармади: билмаслигини тан олганлар улуши 3 фоиздан 8 фоизга, аниқлик эса 16 фоизга кўтарилди, холос. Бу кўрсаткичлар барибир AI'сиз гуруҳ натижаларидан анча паст бўлиб қолаверди.Олимларнинг фикрича, инсоннинг "мен буни билмайман" дея олиш қобилияти жуда муҳимдир, чунки бу ўз билим чегараларини тушунишни англатади. Сунъий интеллектнинг доимий мавжудлиги ва ҳар қандай саволга дарҳол жавоб бериши инсоннинг ўз иккиланишларини тан олиш истагини сўндирмоқда. Бу эса танқидий фикрлаш кўникмаларининг пасайишига олиб келади.
Ушбу масала, айниқса, танқидий фикрлаши ҳали тўлиқ шаклланмаган болалар ва ёшлар учун хавфли бўлиши мумкин. AI тизимларига ҳаддан ташқари ишониш келажакда инсонларнинг ахборотни текшириш ва ўз хатоларини англаш қобилиятини бутунлай йўққа чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда. Тадқиқот муаллифлари технологиядан фойдаланишда ҳушёрликни йўқотмасликка чақирмоқда.






























Изоҳлар 0
…