АҚШ тиббиёт тизимига хизмат кўрсатувчи Краневаре компанияси киберҳужумга учради

АҚШдаги минглаб шифохона ва дорихоналар учун дастурий таъминот етказиб берувчи Британиянинг Краневаре компанияси йирик киберҳужумга учраганини маълум қилди. Компания тизимларидан мижозлар ва ходимларга тегишли жуда катта ҳажмдаги маълумотлар ўғирланган. Бу воқеа Америка соғлиқни сақлаш тизимида технологик хавфсизлик масаласи нақадар нозик эканини яна бир бор кўрсатди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Лондон фонд биржасига тақдим этилган расмий ҳисоботга кўра, хакерлар аллақачон тизимдан чиқариб юборилган, бироқ ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда. Краневаре АҚШдаги тиббиёт муассасалари учун ҳисоб-китоб ва биллинг хизматларини кўрсатувчи етакчи провайдерлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли, ўғирланган маълумотлар орасида беморларнинг шахсий ва тиббий қайдлари бўлиши эҳтимоли юқори.
Компания ҳозирча айнан қанча ва қандай турдаги маълумотлар ўғирланганига аниқлик киритмади. Фақатгина ходимлар, мижозлар ва ҳамкорларнинг маълум бир фоизига тегишли ёзувлар хакерлар қўлига ўтгани тасдиқланган. TechCrunch нашри маълумотига кўра, Краневаре 2021-йилда Центрй компаниясини сотиб олгач, унинг базасидаги 147 миллиондан ортиқ беморлар ҳақидаги йигирма йиллик архив маълумотларига ҳам эгалик қила бошлаган эди.
Соғлиқни сақлаш соҳасига тизимли ҳужумлар
Краневаре бош директори Кеит Неилсон ҳозирча хакерлар томонидан бирор товламачилик талаби қўйилгани ёки йўқлиги борасидаги саволларни очиқламади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳужумлар одатда компанияни катта миқдордаги товон пули тўлашга мажбурлаш ёки ўғирланган маълумотларни қора бозорда сотиш мақсадида амалга оширилади.Ушбу ҳолат сўнгги ойларда АҚШ соғлиқни сақлаш секторига хизмат кўрсатувчи технологик гигантларга қилинган кетма-кет ҳужумларнинг бир қисмидир. Хакерлар бевосита шифохоналарга эмас, балки уларга биллинг ва маълумотларни қайта ишлаш хизматини кўрсатувчи аутсорсинг компанияларига ҳужум қилиш орқали миллионлаб одамларнинг шахсий маълумотларига осонроқ йўл топмоқда.
Сўнгги бир йил ичида ушбу соҳада бир қатор йирик ўғирликлар қайд этилди:
- Март ойида ТриЗетто компанияси 3,4 миллиондан ортиқ кишининг маълумотлари ўғирланганини тасдиқлади;
- КареCloud гиганти электрон соғлиқни сақлаш қайдлари базаси бузиб кирилгани ҳақида ҳисобот берди;
- Ўтган йилнинг июль ойида Эписоурсе компанияси 5,4 миллион фойдаланувчини маълумотлар сизиб чиққани ҳақида огоҳлантирди.






























Изоҳлар 0
…