ЭОН космик лазерлар ёрдамида глобал маълумотлар тезлигини оширмоқчи

Ендеавор Оптикал Нетворкс (ЕОН) орбитадан маълумотлар марказларини боғлайдиган лазерли сунъий йўлдошлар тармоғини яратишни режалаштирмоқда. Жорий йилнинг май ойида ташкил топган стартап 10,75 миллион долларлик бошланғич сармоя олган ва илк босқичда секундига 2,4 терабит ўтказувчанликка еришишни мақсад қилган.
Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб йирик маълумотлар марказлари қурилиши жадал кетаётган бир пайтда, рақамли маълумотларни океан ортига узатиш кўп жиҳатдан денгиз тубидан ўтказилган оптик толали кабелларга таянади. Бироқ ixbt.com маълумотига кўра, мазкур кабелларни ўрнатиш, унга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш жуда мураккаб жараён бўлиб, тармоқнинг ўзи ҳам етарлича нозик ҳисобланади. Ер устидаги анъанавий радиотўлқинлар эса етарли даражада ўтказувчанлик қобилиятига эга эмас. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Ана шу муаммонинг ечими сифатида космосдаги лазер технологиялари таклиф этилмоқда. Жорий йилнинг май ойида ташкил топган ва умумий қиймати 10,75 миллион долларлик бошланғич сармояни қўлга киритган Эндеавор Оптикал Нетворкс (ЭОН) номли стартап айнан орбитадан маълумотлар марказларини боғловчи лазерли сунъий йўлдошлар тармоғини яратишни режалаштирмоқда. Компания асосчилари Чарли Хоровитс ва Тайлер Прессер бу борада улкан мақсадларни кўзлаган.
Космик алоқанинг янги босқичи
Аксарият сунъий йўлдош алоқа тизимлари океан тубидаги кабеллар етказиб берадиган секундига 200 терабит ва ундан юқори тезликни таъминлай олмайди. Бироқ сўнгги йилларда қувватлироқ сунъий йўлдошлар ва оптик технологияларнинг ривожланиши фазодан Ерга лазер ёрдамида маълумот узатиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Хусусан, NASA ўзининг сўнгги Ой миссиясида лазер алоқасидан муваффақиятли фойдаланган эди.Шунга қарамай, хусусий космик компаниялар илгари синовдан ўтказган алоқа линиялари секундига атиги 2,5 гигабит тезликни кўрсатган бўлса, ЭОН мутлақо бошқа даражадаги маррани кўзламоқда. Компания раҳбарининг сўзларига кўра, уларнинг илк бошланғич мақсади секундига 2,4 терабит ўтказувчанлик қобилиятига эришишдир. Бунинг учун эса атмосфера тўсиқлари ва булутлар келтириб чиқарадиган нурланиш бузилишларини енгиб ўтиш талаб этилади.
Лойиҳанинг амалдаги режалари
ЭОН фазода тахминан 20 та сунъий йўлдошдан иборат тармоқни шакллантиришни ният қилган. Ҳар бир қурилма икки қитъа ўртасида махсус алоқани таъминлайди. Компания маълумот узатишда қийналадиган ёки инфратузилмаси етарли бўлмаган йўналишларга, жумладан Франция ва Австралия ёки Африка билан Жанубий Америка орасидаги масофаларга алоҳида эътибор қаратади.Ҳозирги босқичда стартап олинган маблағларни оптик лаборатория қуриш, муҳандисларни ёллаш ва 2027-йил охирига мўлжалланган синов сунъий йўлдошини учиришга тайёргарлик кўришга сарфлайди. ЭОН асосий эътиборни махсус оптик алоқа терминалларини ишлаб чиқишга қаратиб, сунъий йўлдош корпусларини тайёр ҳолдаги харид қилишни режалаштирган.






























Изоҳлар 0
…