Airbnb компанияси сунъий интеллект ёрдамида янги функцияларни тезроқ тақдим этмоқда

Airbnb сунъий интеллект ёрдамида ғоядан янги функсияни амалда жорий этишгача бўлган вақтни 60 фоизга қисқартирди. Жорий йилнинг ўтган даврида тақдим этилган янги функсиялар ва яхшиланишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 80 фоизга ошди. Компания фойдаланувчиларга оддий матнли сўровлар орқали турар жойларни визуал ва шахсийлаштирилган тарзда излаш имконини берувчи сунъий интеллект қидирув функсиясини синовдан ўтказмоқда.
Машҳур туристик хизматлар платформаси Airbnb ўз маҳсулотларини яратиш ва синовдан ўтказиш жараёнида сунъий интеллект технологияларидан фаол фойдалана бошлади. ixbt.com маълумотига кўра, компания раҳбарлари янги функцияларни яратиш ва уларни фойдаланувчиларга етказиш тезлигини сезиларли даражада оширганини маълум қилди. Бу ўзгаришлар компаниянинг ички ишларида ҳам, мижозларга хизмат кўрсатиш тизимида ҳам кескин бурилиш ясамоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Компаниянинг сўнгги молиявий ҳисобот йиғилишида бош директор Браян Чески сунъий интеллект туфайли ғоядан тортиб унинг амалда жорий этилишигача бўлган вақт 60 фоизга қисқарганини алоҳида таъкидлади. Жорий йилнинг ўтган даврида тақдим этилган янги функциялар ва яхшиланишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 80 фоизга ошган. Ушбу ютуқлар қидирув тизими, рўйхатдан ўтиш, буюртмани расмийлаштириш ва тўлов жараёнларини янада такомиллаштиришга замин яратди.
Сунъий интеллект қидирув ва мижозларни қўллаб-қувватлашда
Гарчи истеъмолчига қаратилган интерфейсда сунъий интеллект имкониятлари секинроқ жорий этилаётган бўлса-да, Airbnb бу борада ўзига хос ёндашувни қўлламоқда. Ҳозиргача шарҳлар хулосаси ва эълонларнинг асосий жиҳатларини кўрсатиш билан чекланган компания эндиликда янги сунъий интеллект қидирув функциясини синовдан ўтказишга киришди. Унга кўра, фойдаланувчилар оддий матнли сўровлар ёрдамида ўзларига мос турар жойларни визуал форматда қидириб топиш имкониятига эга бўладилар.Янги қидирув тизими мижозларга таниш бўлган анъанавий фильтрлар ўрнини мажбурий равишда эгалламайди. Компания махсус тугма орқали сунъий интеллект қидирувига ўтиш имкониятини тақдим этмоқда. Бунда натижалар суҳбат шаклида, сунъий интеллект томонидан реал вақт режимида шахсийлаштирилган тарзда тақдим этилади. Шунингдек, уй эгалари учун ҳам онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнлари сезиларли даражада тезлашгани айтилмоқда.
Мижозларни қўллаб-қувватлаш харажатлари камайди
Технологиянинг баккенд қисмида ҳам муҳим ўзгаришлар рўй берди. Airbnb ўзининг сунъий интеллектга асосланган ботини Шимолий Америкада ишга туширганидан сўнг, уни 50 дан ортиқ тилларга кенгайтирди ва яқин келажакда овозли қўнғироқлар учун ҳам жорий этишни режалаштирмоқда. Бугунги кунда сунъий интеллект агенти ёрдамида бошланган мурожаатларнинг қарийб 45 фоизи инсон аралашувисиз тўлиқ ҳал этилмоқда.Ушбу автоматлаштириш жараёнлари натижасида компаниянинг ҳар бир буюртма учун сарфланадиган қўллаб-қувватлаш харажатлари йиллик ҳисобда 16 фоизга камайди. Браян Ческийнинг таъкидлашича, сунъий интеллект оддий чат-бот функциясидан кўра кўпроқ саёҳат ва қидирув соҳасидаги мураккаб вазифаларни ҳал қилишга йўналтирилмоқда, бу эса келгусида платформанинг янада самарали ишлашини таъминлайди.






























Изоҳлар 0
…