Янги Google Pixel 11 смартфонларида оммавий ўчиб қолиш муаммоси кузатилмоқда
Сотувга чиққанига атиги беш кун тўлган янги Google Pixel 11 ва Pixel 11 Pro смартфонлари эгалари қурилмаларнинг ўз-ўзидан ўчиб қолишидан оммавий равишда шикоят қилмоқда. Айрим фойдаланувчилар учун бу носозлик ҳатто дастлабки созлаш босқичидаёқ юзага келаётгани технология бозорида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Android Ауторитй нашри тарқатган маълумотларга кўра, бундай ҳолатлардан бири Google Pixel 11 Pro моделида қайд этилган. Дастлаб смартфон ҳеч қандай муаммосиз ишлаган, бироқ завод созламаларига қайтарилиб, ҳеч қандай маълумот кўчирмасдан тоза ҳолатда созлана бошлангач, қурилма тинимсиз ўчиб қола бошлаган.
Муаммоли қурилмани ҳар гал ёқганда, созлаш устасининг фақат бир нечта қадамини бажариш мумкин холос. Wi-Fi тармоғига уланиш ёки Google аккаунтига кириш уринишиёқ тизимнинг ишлаши тўхташи ҳақида хабар кўрсатилишига ва смартфон ўчиб қолишига олиб келмоқда. Қайта ишга тушириш ҳам айнан шу сценарийни такрорламоқда.
Носозлик сабаблари ва текширувлар
Мутахассислар ва фойдаланувчилар томонидан ўтказилган дастлабки текширувлар аккумуляторда ҳеч қандай муаммо йўқлигини кўрсатган. Шунингдек, хавфсизлик режими (Сафе Моде) ҳам вазиятни ўзгартирмаган, Pixel смартфони ўчишда давом этган. Қизиғи шундаки, уринишларнинг бирида хона ҳарорати тахминан 18 °К бўлишига қарамай, қурилма қизиб кетиш ҳақида огоҳлантириш ҳам кўрсатган.Бундай ҳолатлар датчиклар ёки қувват тизимининг аппаратдаги носозлигидан далолат бериши мумкин, бироқ жиддий дастурий хато эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти. Reddit ижтимоий тармоғи ҳамда Google расмий ёрдам форумларида Pixel 11 серияли қурилмаларнинг тасодифий ўчиши, қизиб кетиши ва бошланғич созлашдаги қийинчиликлар ҳақида хабарлар кўпайиб бормоқда.






























Изоҳлар 0
…