Организмда юзага келган маълум витамин ёки минераллар танқислиги ўзимизни қандай ҳис қилаётганимиз ҳамда ташқи кўринишимизга бевосита таъсир кўрсатади. Ушбу белгиларга нисбатан бефарқлик қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Инсон организмининг темир моддасига бўлган эҳтиёжи жуда кўп омилларга, жумладан, ёш, жинс ва ҳаёт тарзига боғлиқ. 50 ёшгача бўлган соғлом эркак учун тавсия этилган бир кунлик доза 10 мг га тенг бўлса, аёлларда бу кўрсаткич 15 мг ни ташкил этади.
Қуйидаги белгилар организмдаги темир моддаси танқислигидан дарак бериши мумкин.
Соч тўкилиши
Одатда соч тўкилиши организмга темир моддаси етишмаётганининг энг биринчи белгиларидан саналади. Сочларингизни тараб бўлгач, тароқда қолган толалар ҳар доимгидан кўпроқ эканлигини кўрсангиз, зудлик билан таҳлил топширишни маслаҳат берамиз.
Чарчоқ
Ҳар куни етарлича ухласангиз ҳам, ўзингизни ҳорғин ҳис қилаётган бўлсангиз, организмингизда темир моддаси танқислиги юзага келган бўлиши мумкин. Чарчоқ одатда ҳужайраларга кислороднинг яхши етиб бормаслиги ҳисобига пайдо бўлади.
Рангпар тери
Терингиз ранги одатдагидан очроқ бўлса, буни ҳам темир моддаси танқислигининг асосий белгиларидан бири сифатида қабул қилиш мумкин. Гап шундаки, темир танқислигида қондаги таначалар миқдорини кескин тушиб кетади, бу эса терининг рангпар кўринишига сабаб бўлади.
Бош оғриқлари
Агар ушбу муаммо хотиранинг сусайиши ва диққатни бир ерга жамлай олмаслик билан бирга кузатилаётган бўлса, саломатлигингизга жиддий эътибор қаратишингиз ва зудлик билан витаминлар ичишни бошлашингиз керак.
Бош айланиши
Организмдаги темир моддаси танқислигининг яна бир белгиси – ўтирган ҳолатда ўрнингиздан турганингизда бошнинг айланиб кетиши ҳисобланади. Бунга ҳужайраларнинг кислород билан етарли даражада таъминланмаётгани сабаб бўлади.
Юрак уришининг тезлашиши
Темир моддаси танқис бўлган ҳолатда организм ҳужайраларни кислород билан етарли даражада таъминлай олмайди, бунинг ўрнини эса юрак уришининг тезлашиши ҳисобига тўлдиришга “уринади”.
Нафас олишнинг қийинлашиши
Ҳужайралари кислород билан тўйинмаётган организм ушбу муаммони кўпроқ нафас олиш ҳисобига бартараф этишга ҳаракат қилади.
Борди-ю сиз ҳам ўзингизда ушбу белгиларни пайқаган бўлсангиз, шифокор қабулига боришни кечиктирманг. Мутахассис назорати остида керакли таҳлилларни топширинг ва муаммони ўз вақтида бартараф этинг.
Агар ҳақиқатдан ҳам организмингизда темир моддаси танқислиги юзага келган бўлса, муаммога қарши курашиш учун витаминлар қабул қилишдан ташқари таомномангизга таркибида катта миқдорда темир сақланадиган табиий маҳсулотлардан қўшинг.
Таркибида темир моддаси миқдори кўп бўлган маҳсулотлар:
- мол жигари;
- хандонписта;
- кешю;
- сули ёрмаси;
- туршак;
- қовоқ уруғлари;
- майиз;
- тофу;
- исмалоқ.