Яшил, сариқ ёки доғли банан: қайси бири фойдали?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Бананнинг фойдали хусусиятлари унинг пишганлик даражасига қараб турлича бўлади.
- Яшил бананлар ичак фаолияти учун муҳим бўлган чидамли крахмалга бой бўлса, сариқ бананлар организмни тез энергия билан таъминлайди.
- Қобиғида қўнғир доғлар пайдо бўлган меваларда эса антиоксидантлар миқдори юқорироқ бўлиши мумкин.
- Танлов инсоннинг овқатланиш мақсади, ҳазм қилиш хусусияти ва қондаги қанд миқдорига қараб амалга оширилиши керак.
Бананнинг фойдаси унинг қанчалик пишганига қараб ўзгаради. Яшил бананда ичак фаолияти учун муҳим бўлган чидамли крахмал кўпроқ бўлса, сариқ банан осон ҳазм бўлади ва организмга тез энергия беради. Қобиғида қўнғир доғлар пайдо бўлган бананларда эса айрим антиоксидантлар миқдори юқорироқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда MSN нашри VnExpress материалига таяниб хабар берди.
Яшил банан ичаклар учун фойдали
Ҳали тўлиқ пишмаган яшил банан таркибида чидамли крахмал кўп бўлади. У оддий крахмалдан фарқли равишда ингичка ичакда тўлиқ ҳазм бўлмайди ва йўғон ичакка етиб боради. У ерда ичакдаги фойдали бактериялар томонидан парчаланади.
Бу жараён ҳазм тизими саломатлигини қўллаб-қувватлайди. Чидамли крахмал углеводларнинг сўрилишини секинлаштиргани учун овқатдан кейин қондаги қанд миқдорининг кескин кўтарилишини ҳам чеклаши мумкин.
Банан пишган сари ундаги ферментлар крахмални оддий шакарларга айлантиради. Шунинг учун мева юмшоқроқ ва ширинроқ бўлиб боради, чидамли крахмал миқдори эса камаяди.
Бироқ яшил банан ҳаммага ҳам бирдек мос келмаслиги мумкин. Унинг қаттиқроқ тузилиши ва тахир таъми бор, айрим одамлар учун ҳазм қилиш ҳам қийинроқ кечади.
Сал пишган банан мувозанатли танлов
Қобиғи сарғайишни бошлаган, аммо ҳали яшил рангини қисман сақлаб турган бананда чидамли крахмалнинг бир қисми қолади. Шу билан бирга, у тўлиқ яшил бананга нисбатан юмшоқроқ ва ширинроқ бўлади.
Бундай босқичдаги банан ичаклар учун фойдали крахмал ва осон ҳазм бўлиш хусусиятлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаши мумкин. Қондаги қанд миқдорини назорат қиладиган одамлар учун ҳам пишганлик даражаси аҳамиятли. Бироқ бунда бананнинг қанча миқдорда истеъмол қилиниши ва уни қандай маҳсулотлар билан бирга ейиш ҳам муҳим.
Сариқ банан тез энергия беради
Банан тўлиқ сарғайганда унинг таркибидаги крахмалнинг катта қисми глюкоза, фруктоза ва сахароза каби оддий шакарларга айланади. Натижада мева ширинлашади, юмшайди ва осонроқ ҳазм бўлади.
Углеводлар тезроқ ўзлаштирилгани сабабли сариқ банан жисмоний машғулотдан олдин ёки кейин истеъмол қилиш учун қулай. У организмни энергия билан таъминлайди.
Ўртача катталикдаги битта бананда тахминан 105 килокалория бор. Пишганлик даражасидан қатъи назар, банан калий, С витамини ва В6 витамини манбаи бўлиб қолади.
Қўнғир доғли бананда антиоксидантлар кўпроқ бўлиши мумкин
Банан жуда пишиб, қобиғида қўнғир доғлар пайдо бўлганда унинг чидамли крахмали янада камаяди, ширинлиги эса ортади. Айрим антиоксидант бирикмалар, жумладан, феноллар ва флавоноидлар миқдори ҳам кўпайиши мумкин.
Антиоксидантлар ҳужайраларни оксидланиш стрессидан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шунинг учун қўнғир доғли банан ҳам озуқавий қийматини йўқотмайди.
Бироқ қондаги қанд миқдори ёки углевод истеъмолини назорат қиладиганлар камроқ пишган бананни танлаши мумкин. Чунки жуда пишган мевада табиий шакар миқдори юқорироқ бўлади.
Қайси бананни танлаш керак?
Бананнинг ҳар бир пишганлик босқичи ўзига хос хусусиятга эга. Яшил банан ичак фаолияти учун фойдали чидамли крахмалга бой. Сал сарғайгани крахмал ва ширинлик ўртасидаги мувозанатни сақлайди. Тўлиқ сариқ банан тез энергия беради, қўнғир доғли бананда эса айрим антиоксидантлар кўпроқ бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳамма учун бир хил энг фойдали банан тури йўқ. Танлов инсоннинг овқатланиш мақсади, ҳазм қилиш хусусияти ва қондаги қанд миқдорига боғлиқ.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…