Депутатлар диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқди

4 дақиқа ўқиш643
Депутатлар диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқди
31 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси» лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ушбу концепцияни ишлаб чиққан ташаббускор депутатлар гуруҳининг раҳбари, депутат Жаҳонгир Ширинов ҳужжат ҳақида батафсил маълумот берди. Шириновга кўра, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан, товар-хизматлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклаш, айрим давлат хизматчиларнинг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги ҳамда жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда.

«Бундай ҳолатлар ягона Ўзбекистон халқи, жамият ва давлат ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига ҳамда оилавий низоларга олиб келиши мумкин. Диний соҳада давлат сиёсатининг аниқ кўрсатилмаслиги уни аҳоли ўртасида турлича тушунилишига, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилинишига, жамиятда зиддиятли вазиятлар кучайишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, унинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик, замон билан ҳамқадам бўлмаслик – мамлакатнинг глобал рақобат майдонидаги муносиб ўрин эгаллаш йўлини мураккаблаштиради», — дейди Жаҳонгир Ширинов.

Қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган мазкур Концепция лойиҳаси 7 та боб, 41 та банддан иборат. Концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади ва унга хизмат қилувчи 10 та вазифа белгилаб берилмоқда. Ҳужжатга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.

Диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилар:
  • фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш ва камситилишига йўл қўймаслик;
  • кўп миллатли ва конфессияли халқнинг урф-одатларига ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш;
  • фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштироки учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиш;
  • диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда виждон эркинлигини амалга оширишга шароитлар яратиш;
  • давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда конституцияга мувофиқ дунёвийликка таяниш;
  • давлат хизмати ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ҳамда ижтимоий муносабатларни дунёвийлик асосида тартибга солиш;
  • диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтиришда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш;
  • давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида бирор динга устунлик бериши ёки камситишига йўл қўймаслик;
  • жаҳон илм-фани ва маданиятининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакат илм-фани ва маданиятини ривожлантириш;
  • радикаллашувга қарши кураш, экстримизм ва терроризм ғоялари тарқалишга йўл қўймаслик.

Диний соҳадаги давлат сиёсати 6 та принципга бўлинади, булар – қонунийлик, виждон эркинлиги, диннинг давлатдан ажратилганлиги, тенглик, эркин фикрлаш, динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш.

Диний соҳадаги давлат сиёсатининг 3 та устувор йўналиши ва уни амалга ошириш механизмлари ҳам белгиланмоқда.

Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини изчил рўёбга чиқариш, жамиятда конфессиялараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш. Ушбу йўналишда виждон эркинлиги кафолатини таъминлаш, диний ташкилотлар билан ҳамкорликни ваколатли давлат органи орқали мувофиқлаштириш, диний расм-русумларни хавфсиз ўтказиш бўйича давлат органлари билан ҳамкорликни таъминлаш, соҳада юқори малакали ходимларни тайёрлашга кўмаклашиш ва диний таълим муассасаларида қонунчилик ҳужжатлари ўқитилиши учун шароит яратиш, фуқаролар хабардорлигини ошириш кабиларни ўз ичига олади.

Динларнинг илмий-маданий меросини ўрганиш, диншунослик ва диний соҳадаги илмий тадқиқотларни ривожлантиришга йўналтирилган. Бу йўналишда диншунослик бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, диний соҳадаги илмий-маърифий тадбирларини ташкил этиш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича илмий тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг диний-ижтимоий жараёнларига муносабати бўйича социологик сўровлар ўтказиш каби фаолиятлар амалга оширилади.

Фуқароларнинг виждон эркинлигига ва жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи омилларга қарши курашишга қаратилган. Ушбу йўналишда диний радикаллашувга йўл қўймаслик, радикал диний оқимлар, экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоий мослаштириш, диннинг жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим ўрнини очиб бериш йўналишида медиа соҳаси вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ахборот маконида диндан қонунга хилоф равишда ва сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, виждон эркинлиги соҳасида қонунчиликни бузиш ҳолатларига ўз вақтида муносабат билдириш, миллий ва диний адоват ғоялари билан йўғрилган материаллар тарқатишни чеклаш, диний таассублар таъсирида содир этиладиган жиноятларни барвақт олдини олиш каби масалалар кўзда тутилган.

Депутат Жаҳонгир Шириновга кўра, концепцияни ишлаб чиқишда ҳуқуқшунослар, тарихчилар, сиёсатшунослар, филологлар, файласуф ва диншунослар қатнашган. Шунингдек, қатор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилгани, Марказий Осиёдаги қўшниларимизда ҳам шундай концепциялар борлиги қайд этилди.

Концепция лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда, қўшимча саволларсиз қабул қилинди ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича қарор қабул қилинди. Депутат Алишер Қодировга кўра, ушбу концепцияда янглиш талқинлар ва изоҳлар билан боғлиқ муаммолар бор, лекин ҳужжатни иккинчи ўқишда буни тўғрилаш назарда тутилган.

Маълум қилинишича, ҳужжат Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинади.
Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?