
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июн куни пойтахтда қурилаётган ва катта стратегик аҳамиятга эга бўлган “Тошкент-Шарқий” аэропортининг реконструкция жараёнларини бориб кўрди. Бу янги аэропорт нафақат замонавий авиация инфратузилмасининг намунаси, балки иқтисодий фаоллик, халқаро алоқалар ва туризм ривожи учун муҳим платформа сифатида кўрилмоқда.
Президент матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш суръатлари ва халқаро майдонда ортиб бораётган жозибадорлик ташқи савдо, сармоя ва ташрифлар ҳажмининг ошишига олиб келмоқда. Шу боис транспорт инфратузилмасини ҳар томонлама янгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Шу маънода, "Тошкент-Шарқий" аэропортининг замонавий қиёфа касб этиши, замон талабларига мос қурилмаларга эга бўлиши ва энг муҳим транспорт марказларидан бирига айланиши учун кенг кўламли қурилиш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳага кўра, 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги қайта таъмирланмоқда ва бу йўлак энг йирик ва оғир самолётларни ҳам қабул қилиш имконига эга бўлади. Бу эса аэропортнинг техник имкониятларини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқади.
Бугунги кунда ушбу ҳудудда юқори даражадаги меҳмонлар ва хусусий авиация учун мўлжалланган 2 та алоҳида терминал, перрон ва техник хизмат кўрсатиш ангарлари қурилмоқда. Бундан ташқари, ИCАО ИИИ-А тоифасидаги энг сўнгги русумдаги радиотехник ва метеорологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бу технологиялар ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам хавфсиз ва аниқликда парвозлар амалга оширилишини таъминлайди.
Шунингдек, самолётлар ёпиқ ангарларда техник хизмат ва сақлов учун замонавий инфратузилма билан таъминланади. Бу эса техника хавфсизлиги, энергия тежаш ва хизмат муддатининг узайишига хизмат қилади.
“Тошкент-Шарқий” аэропортининг географик жойлашуви ҳам унинг афзалликларидан биридир. Бу ҳудуд Тошкент шаҳри билан бир қаторда Янги Тошкент ва Тошкент вилоятига ҳам хизмат қилади. Шунингдек, бу лойиҳа ҳудудий туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик ташрифлари ва халқаро анжуманлар сонини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади.

Аэропорт орқали хорижий инвесторлар учун сармоя киритиш имкониятлари янада кенгаяди, замонавий сервислар ва логистика марказлари пайдо бўлади. Бу эса янги иш ўринлари яратилишига, хизмат кўрсатиш соҳасининг кенгайишига ва умуман мамлакат иқтисодиётининг жадаллашишига олиб келади.
Шавкат Мирзиёев лойиҳанинг техник жиҳатлари, архитектура дизайни ва амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб чиқди. У қурилиш ишларини янада жадаллаштириш, терминал ва перронларда сервис сифати ва қулайликлар даражасини ошириш, барча ишлар халқаро меъёрлар асосида олиб борилишини таъминлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Яқин йилларда “Тошкент-Шарқий” аэропорти халқаро бизнес марказларига, туристик йўналишларга ва стратегик авиация тизимларига хизмат қилувчи муҳим ҳаво транспорт узелига айланиши кутилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг транспорт, сармоя ва мулоқот майдонидаги салоҳиятини сезиларли даражада оширади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар