Наманган аэропортида 175 миллион долларлик янги терминал қурилмоқда

Наманган аэропортида 175 миллион долларлик янги терминал қурилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи бошланди. Давлат раҳбари ташрифнинг дастлабки манзилларидан бири сифатида Наманган халқаро аэропортида барпо этилаётган янги йўловчи терминали қурилиши билан танишди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, аэропортлар имкониятини кенгайтириш ва йўловчилар учун замонавий шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.

Қурилиш ишлари Президентнинг 2021 йил 29 мартдаги «Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Наманган халқаро аэропорти 1971 йилда фойдаланишга топширилган. У 2013 йилдан буён халқаро мақомда фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда аэропорт орқали 9 та авиакомпания мунтазам парвозларни амалга оширяпти.

Наманган аэропортида 175 миллион долларлик янги терминал қурилмоқда

Лойиҳани амалга ошириш учун жами 175 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Режага кўра, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган янги йўловчи терминали 2026 йил якунига қадар ишга туширилади.

Майдони 22,6 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли терминал соатига 1,2 минг нафар, йилига эса 3 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Бу кўрсаткич аэропортнинг ҳозирги қувватини бир неча баробар ошириш, парвозлар сонини кўпайтириш ва йўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради.

Янги терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизматлари, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди ташкил этилади.

Наманган аэропортида 175 миллион долларлик янги терминал қурилмоқда

Лойиҳа натижасида 550 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу эса аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга, ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, 2027 йил якунига қадар кунлик қуввати 50 тонна бўлган замонавий карго терминали фойдаланишга топширилади.

Натижада Фарғона водийси учун ягона замонавий юк ташиш тизими шакллантирилиб, маҳаллий маҳсулотларни дунёнинг 90 та мамлакатига экспорт қилиш имконияти янада кенгаяди.

Наманган аэропортида 175 миллион долларлик янги терминал қурилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнларини кўздан кечириб, лойиҳанинг сифатли ва белгиланган муддатда амалга оширилиши, йўловчилар учун қулай шароитлар яратилиши ҳамда аэропорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.

Янги терминал ва карго мажмуасининг ишга туширилиши Наманган вилоятининг транспорт, туризм, савдо ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар