
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида содир бўлган сўнгги воқеа жамоатчилик орасида жиддий муҳокамалар ва турли шубҳаларни келтириб чиқарди. Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаев туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишдан чиққач, тўсатдан ўзини ёмон ҳис қилган ва шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳолат кўпчиликнинг қалбини ҳира қилди, ижтимоий тармоқларда эса турли тахмин ва қарама-қарши фикрлар авж олди.
Муҳокама марказида — туман ҳокими Элёр Асронқулов томонидан танқидий руҳда ўтказилган йиғилиш. Расмий баёнотларга кўра, 2025 йил 18 июн куни ўтказилган йиғилишда туманнинг барча маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этган ва уларга белгиланган вазифаларни бажариш бўйича аниқ топшириқлар берилган. Йиғилишда танқидий мулоҳазалар билдирилгани айтилса-да, ҳокимлик матбуот хизмати билдиришича, ҳеч қандай ҳақоратли ёки шахсиятга тегадиган сўзлар ишлатилмаган.
Шу йиғилиш давомида Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаев соғлиги билан боғлиқ муаммолар борлигини билдириб, лавозимдан кетиш нияти борлигини айтган ва йиғилишни тарк этган. Ташқи ҳовлида у ўзини ёмон ҳис қилган, шундан сўнг тез тиббий ёрдам чақирилган. Аммо тиббиёт бирлашмасининг барча саъй-ҳаракатларига қарамасдан, у шифохонада вафот этган.
Бу воқеа жамоатчиликда катта таъсир қолдирди. Турли ижтимоий платформаларда тарқалган хабарларда, гўёки туман ҳокими томонидан йиғилиш пайтида қаттиқ қўполлик қилингани, раиснинг сўнгги қарари ва саломатлигига ана шу босим сабаб бўлгани ҳақида иддаолар янграган. Баъзи интернет фойдаланувчилари, ҳатто, раиснинг вафотини тўғридан тўғри ҳокимга боғлашга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, расмийлар бу фикрларни кескин рад этмоқда.
Фурқат тумани ҳокимлиги бу шов-шувли воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, йиғилишда ҳеч қандай қўпол муомала ёки ҳақоратга йўл қўйилмаган. Аксинча, фуқаролар йиғинлари раислари олдида турган вазифаларнинг аҳамияти яна бир бор қайд этилган, уларни масъулият билан бажариш лозимлиги уқтирилган. Абдуллаев эса соғлиги туфайли ишдан кетиш нияти борлигини билдирган.
Шу билан бирга, туман тиббиёт бирлашмаси ҳам ушбу ҳолат юзасидан билдирув берди. Улар маълум қилишича, бемор шошилынч тиббий ёрдам орқали шифохонага олиб келинган, аммо юрак-қон томир тизими билан боғлиқ жиддий касаллик оқибатида ҳаётини йўқотган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Шарифжон Абдуллаев маҳаллада обрўли, кўп йиллик тажрибага эга фаол раислардан бири бўлган. Унинг фаолияти давомида маҳаллада бир қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилгани, аҳоли муаммоларига бефарқ бўлмагани кўп бора таъкидланган.
Ҳозирда унинг вафоти юзасидан расмий суриштирув ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Аммо жамоатчилик фикри шундай ҳолатларга аниқлик киритилишини талаб қилмоқда. Чунки бу каби воқеалар фақат бир инсон тақдири билан эмас, балки бутун жамиятдаги ишонч ва муҳит билан боғлиқ.
Шуниси аниқки, маҳалла раислари — аҳоли ва ҳокимият ўртасидаги кўприк вазифасини бажарадиган муҳим шахслардир. Уларнинг қадрини билиш, руҳий ва жисмоний ҳолатини эътиборсиз қолдирмаслик давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиши лозим. Танқидга асосланган йиғилишлар ҳар қанча зарур бўлмасин, улар инсонпарварлик тамойиллари асосида олиб борилиши даркор.
Фурқат туманида содир бўлган ушбу ҳолат эса нафақат маҳаллий, балки мамлакат миқёсидаги долзарб масалага айланди. Махсус комиссия ташкил этилиши, аниқ ва холис хулосалар чиқарилиши жамоатчилик талаб қилинаётган асосий масалалардан биридир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар