date

Ўзбекистон хавфсизликда дунёдаги 25 та етакчи мамлакат қаторидан жой олди

Ўзбекистон хавфсизликда дунёдаги 25 та етакчи мамлакат қаторидан жой олди
2025 йилнинг илк ярмида халқаро таҳлилчи экспертлар эътироф этган яна бир мақом Ўзбекистон номига қайд этилди. Хавфсизлик бўйича глобал рейтингда юртимиз энг хавфсиз 25 та давлат қаторида мустаҳкам ўрин эгаллади. Бу ҳақда бир қатор маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.

Numbeo — дунёдаги энг йирик статистик маълумотлар базасига эга краудсорсинг платформаларидан бири ҳисобланади. У ҳар йили дунёнинг юзлаб шаҳар ва мамлакатлари бўйича фойдаланувчиларнинг шахсий фикрлари ва таассуротлари асосида рейтинглар тузади. Бу йил ҳам бу йўлдан қайтилмади.

Тузилган рейтинг тўлиқ расмий статистикаларга эмас, балки аҳоли ва сайёҳларнинг шахсий идроки, яъни ўзини қанчалик хавфсиз ёки таҳликали ҳис қилган ҳолатларига таяниб шакллантирилган.

Бунда қатор параметрлар эътиборга олинган: кундузи ва кечаси кўчага чиқишдаги хавфсизлик даражаси, ўғирлик, қўпол муомала, жисмоний ҳужумлар, мулкий жиноятлар ёки зўравонлик ҳолатларининг эҳтимоли. Ҳар бир респондент ўз тажрибаси ва тушунчасига асосланган ҳолда саволномаларга жавоб берган.

Хавфсизлик индекси ва жиноятчилик индекси 0 дан 100 гача бўлган шкалада баҳоланади. Бу кўрсаткичда хавфсизлик неча юқори бўлса, мамлакатда вазият шунча тинч, барқарор ва жиноятсиз ҳисобланади.

Ўзбекистон 73,4 балллик хавфсизлик индекси билан 148 мамлакат орасида 25-поғонага жойлашди. Бу эса халқаро миқёсда катта ютуқ сифатида баҳоланиши мумкин. Жиноятчилик индекси эса 26,6 ни ташкил этган — бу нисбатан паст даража бўлиб, фуқаролар ўзини хотиржам ҳис қилишини англатади.

Қизиғи шундаки, бу кўрсаткичлар кўплаб ривожланган давлатлардан ҳам яхшироқ натижа кўрсатган. Масалан, Япония, Франция, Германия каби мамлакатлар Ўзбекистондан орқада қолган.

Марказий Осиё давлатлари ичида ҳам юртимиз етакчиликни қўлга киритган. Қозоғистон 73-ўрин (54,4 индекс), Қирғизистон эса 101-ўрин (48 индекс) билан топ рейтингда иштирок этган. Бу кўрсаткичлар минтақада хавфсизлик бўйича етакчиликка Ўзбекистонни олиб чиққанини тасдиқлайди.

Рейтингнинг юқори поғоналарида Бирлашган Араб Амирликлари, Андорра ва Қатар каби давлатлар турибди. Уларнинг хавфсизлик сиёсатидаги қатъий ёндашувлари кўпчиликка намуна бўлмоқда.

Рўйхатнинг энг охирида эса Гаити, Папуа-Янги Гвинея ва Венесуэла каби сиёсий ва ижтимоий беқарорликка юз тутган мамлакатлар жой олган. Бу давлатларда жиноятчилик даражаси юқори, аҳоли ва сайёҳлар учун хавф ҳануз сақланиб қолмоқда.

Numbeo таҳлилчилари таъкидлашича, ушбу маълумотлар аҳолининг шахсий фикрлари, кундалик тажрибалари ва сезги таассуротлари асосида йиғилган. Яъни рейтингни давлатлар статистикаси билан чалкаштириш керак эмас. Аммо айнан одамлар қандай ҳис қилса — жамиятнинг ҳақиқий кайфиятини ҳам шу билдиради.

Мутасаддилар ушбу ютуқ Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини ислоҳ қилиш, профилактик тадбирлар ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича кўрган чора-тадбирлар самараси эканини таъкидламоқда.

Қўшимча қилиб айтиш жоизки, туризм, сармоя ва халқаро нуфуз учун бундай рейтинглардаги юқори натижа алоҳида аҳамиятга эга. Бу мамлакатдаги барқарорликни кўрсатибгина қолмай, унинг ташқи дунёдаги имижи ва инвестицион жозибадорлигини ҳам оширади.

Фуқароларнинг кўчада бемалол юриши, кечаси ҳордиқ чиқариш, болаларни эркин мактабга юбориш имконияти — буларнинг бари хавфсиз жамият мезонлари сифатида қаралади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон аҳолиси ўзини нисбатан тинч ва хотиржам ҳис қилмоқда, деган хулосага келиш мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон хавфсизликда дунёдаги 25 та етакчи мамлакат қаторидан жой олди