Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакат иқтисодиётининг 3 фоизини ва саноат маҳсулотларининг 14 фоизини яратаётган тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги беш йилдаги ютуқлар ва мавжуд муаммолар
Охирги 5 йил ичида тармоқда қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 396 та йирик корхона ишга туширилди, ишлаб чиқариш ҳажми эса 10 миллиард долларга етди. Бугунги кунда соҳада 500 мингдан ортиқ киши банд бўлиб, бу мамлакат аҳолисидаги саноатда ишлаётганларнинг бешдан бир қисмини ташкил этади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва экспорт суръатларида пасайиш кузатилмоқда. Жаҳон бозорида пахта нархининг 2022 йилдан буён тоннаси 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушиши кластерлар учун жиддий қийинчиликлар келтирмоқда.
Президентнинг танқид ва топшириқлари
Йиғилишда айрим тадбиркорларнинг арзон давлат ресурслари ҳисобига пахта “спекуляцияси” билан шуғулланаётгани кескин танқид қилинди. Тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитлари бўйича қарзи 2,2 миллиард долларга етган, уларнинг 90-95 фоизи хорижий валютада. Шу билан бирга, фақат 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эга. Давлат раҳбари: “Бундай шароитда улар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитни қандай қайтаради?” — деган саволни қўйди.
Долзарб чоралар ва имтиёзлар
Президент “тўқимачиликда долзарб юз кунлик” эълон қилди. Жорий йилда кластерларнинг кредит муддати гаров қўйиш шарти билан 5 йилгача узайтирилиб, бу даврда фақат асосий қарз тўланади. Фоизлар қарз тўлиқ қоплангандан кейин ундирилади. Шу йўл билан йиллик 800 миллиард сўм айланма маблағ кластерларда қолиши кутилмоқда. 2022–2023 йил ҳосили бўйича 377 миллиард сўмлик пеня бекор қилинади. Фаолиятини барқарорлаштириш мумкин бўлган 144 та корхонанинг кредит муддати 7 йилгача узайтирилади.
Қўшимча қўллаб-қувватлаш механизмлари
Пахтани ўз вақтида йиғиб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўм субсидия берилади. Шунингдек, корхона ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қайтарилади. Эндиликда барча тўқимачилик корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади, реализациядаги тўқимачилик улуши бўйича талаб 90 фоиздан 70 фоизга туширилади.
Йиғилишда белгиланган чоралар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилиши маълум қилинди. Президентнинг таъкидлашича, бу қадамлар бозор талабларига мослашиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини сақлаб қолиш ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!