date

Судьяликка номзодлар учун янги академия очилади

Судьяликка номзодлар учун янги академия очилади

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан такомиллаштириш ва судьяликка номзодларни тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида муҳим ислоҳот амалга оширилади. Президентнинг 21 август куни қабул қилинган фармонига мувофиқ, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида “Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси” ташкил этилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, судьялик лавозимларига даъвогарлар Академияда махсус 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида таълим олади. Ушбу курсларга қабул қилинган тингловчиларнинг мавжуд иш жойи сақланиб қолади ҳамда уларга судья ёрдамчиси ойлик маошига тенг миқдорда стипендия тўланади.

Курсга кириш танлов асосида амалга оширилади. Номзодлар қуйидаги босқичлардан ўтадилар:

  • психология фанидан тест;

  • чет тили бўйича синов;

  • суд ихтисослиги йўналишида тест;

  • ёзма имтиҳон;

  • шахсий суҳбат.

Якуний аттестацияни муваффақиятли топширган битирувчилар бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ, ўқиш дастурини ўзлаштира олмаган ёки таклиф этилган лавозимни рад этган тингловчилар ўқиш жараёнида олган стипендиясини тўлиқ қайтариши шарт қилинади.

Шу билан бирга, судья ва суд аппарати ходимлари учун мажбурий малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Жумладан:

  • 5 йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар икки йилда камида икки ҳафталик курс;

  • 10 йил муддатга тайинланганлар – ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган ўқув дастури;

  • Олий суд судьялари, суд раислари ва ўринбосарлари – ҳар уч йилда бир ҳафталик курс;

  • самарадорлиги паст бўлган судьялар – навбатдан ташқари икки ҳафталик курс;

  • суд аппарати ходимлари – ҳар икки йилда бир ҳафталик малака ошириш.

Келгусида раҳбар лавозимларга фақат қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган судьялар тайинланиши белгиланган. Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилдан академияда “Суд фаолияти” йўналишида магистратура дастури ҳам йўлга қўйилади.

Бу ислоҳотлар нафақат судьялик лавозимларига номзодларни пухта тайёрлаш, балки амалдаги судьяларнинг малакасини ошириш ва суд тизимининг самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Судьяликка номзодлар учун янги академия очилади