Куз мавсуми бошланиши билан пахта терими ҳам қизғин паллага кирмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса пахта нархи ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Айрим манбаларда 1 килограмм пахта учун 1800 сўм тўланиши айтилиб, бу хабар кўпчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бироқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу каби маълумотларни расман рад этди ва жорий йилдаги ҳақиқий нархлар ҳақида жамоатчиликка аниқлик киритди. Маълум қилинишича, 2025 йилда пахта терими учун қуйидаги нархлар белгиланган:
-
Машина орқали йиғилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун — 1373 сўм.
-
Қўл меҳнати билан йиғилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун эса — 2000 сўм тавсиявий нарх белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, вазирлик қўшимча қилиб таъкидладики, амалий жараёнда нархлар теримчилар, фермер хўжаликлари ва кластерлар ўртасида ўзаро келишув орқали ҳам мустақил равишда белгиланиши мумкин.
Энг асосий янгиликлардан бири — давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратилиши. Хусусан, пахта етиштириш харажатларини қоплаш мақсадида ҳар килограмм учун 1000 сўм миқдорида қўллаб-қувватлаш пули фермерларга йўналтирилади. Бу эса соҳада барқарорликни таъминлаш ва теримчилар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган муҳим чора сифатида қайд этилди.
Вазирлик тарқатган расмий маълумотда:
“Ижтимоий тармоқлардаги “1 кг — 1800 сўм” ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ушбу маълумотлар ҳеч қандай расмий ҳужжат билан тасдиқланмаган. Пахта нархлари фақат расмий манбалар орқали эълон қилинади. Текширилмаган хабарлар ва тахминлар жамиятни чалғитиши мумкин ҳамда қонунчиликка кўра жавобгарликка олиб келиши эҳтимолдан холи эмас”, — дея алоҳида таъкидланди.
Шу тариқа, мутасаддиларнинг расмий чиқиши билан пахта нархлари борасидаги турли талқинлар бартараф этилди. Эндиликда фермерлар ва теримчилар ўз меҳнатига аниқ қиймат берилишини билиб, ишга киришишлари мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!