Ўзбекистонда болаларга қарши жинсий жиноятлар учун умрбод қамоқ жазоси жорий этилади

Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун жазо кучайтирилмоқда. Бу ҳақда 2 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маъқулланган қонунда белгиланган.
Янги тартибга кўра, бундай жиноятларни содир этган шахсларга 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши ҳам қўлланилмайди.
Сенатор Абдулҳаким Эшмуродов маълумотларига кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та ва 2025 йилда 123 та жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш бўйича 2022 йилда 144 та, 2023 йилда 163 та, 2024 йилда 170 та ва 2025 йилда 116 та жиноят иши очилган.
Вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023 йилдаги 56 тадан 2025 йилда 141 тага етган.
Шу билан бирга, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳам тақиқланмоқда.































Изоҳлар 0
…