8–15 сентябрь кунлари Корея армияси Махсус операция кучлари қўмондонлиги ташаббуси билан ўтказилган «II Халқаро мерганлар мусобақаси» жуда катта қизиқиш билан ўтди. Унда дунёнинг турли ҳудудларидан келган 10 та давлат вакиллари иштирок этди. Умумий ҳисобда 54 та жамоа баҳс олиб борди ва ҳар бир иштирокчи ўз маҳорат ва тайёргарлик даражасини намойиш этди.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ҳарбий хизматчиларимиз нуфузли мусобақада юқори натижа қайд этишди. Улар АҚШ, Германия, Руминия, БАА, Қатар, Вьетнам, Таиланд ва Мўғулистон каби давлатлардан келган рақиблар орасида ўз маҳоратларини кўрсатиб, муносиб тарзда биринчи ўринни қўлга киритишди.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси 539,5 балл тўплаб, барча рақибларини орқада қолдирди. Иккинчи ўринни 534,7 балл билан Вьетнам терма жамоаси эгаллади. АҚШ жамоаси эса 519,0 балл билан учинчи поғонадан жой олди.
I ўрин: Ўзбекистон - 539.5 балл;
II ўрин: Ветнам - 534.7 балл;
III ўрин: АҚШ - 519.0 балл.
Айтиш жоизки, бу шонли ютуқ бизнинг ҳарбий хизматчиларимизнинг машаққатли меҳнати ва юксак тайёргарлигининг ёрқин ифодаси бўлди. Қизиқ томони, 2024 йилда ўтказилган ушбу мусобақада ҳам юртдошларимиз кучли иккинчи ўринни қўлга киритган эди.
Шундай қилиб, ортиқча гапга ҳожат йўқ: Ўзбекистон мерганлари жаҳоннинг энг кучли жамоалари орасида муносиб ўрин эгаллаб, мамлакат байроғини яна бир бор баланд кўтаришга муваффақ бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!