date

Саида Мирзиёева: “Янги Ўзбекистон — Британия учун ишончли ҳамкор”

Саида Мирзиёева: “Янги Ўзбекистон — Британия учун ишончли ҳамкор”

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Буюк Британияга расмий ташрифи доирасида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Унинг сўзларига кўра, бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Саида Мирзиёева “Янги Ўзбекистон — улкан имкониятларга эга катта мамлакат” мавзусида Лондонда ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этди. У тадбирда сўзга чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хорижий сармоя учун яратилган имкониятлар ҳақида сўзлади.

— Ўзбекистон Буюк Британия бизнеси учун ҳам жозибадор маконга айланди. Бугун мамлакатимизда 270 дан зиёд британ компаниялари фаолият юритмоқда. Ҳамкорларимиз сони ортиб бораётганидан мамнунман ва уларнинг иқтисодиётимиздаги иштироки янада кенгайишига ишонаман, — деди Мирзиёева.

Тадбир чоғида у Буюк Британиянинг етакчи иқтисодий доиралари ва молия институтлари вакиллари билан мулоқот қилди. Суҳбатлар давомида “Янги Ўзбекистон” стратегияси доирасида амалга оширилаётган янгиланишлар, хусусан, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва инновацион иқтисодиётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Саида Мирзиёева Лондонда Буюк Британия Ғазначилиги иқтисодий котиби Люси Ригби билан ҳам учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги молиявий ҳамкорлик, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни ва бу йўналишда Британия ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши ҳақида фикр алмашилди.

— Ригби хонимга “Янги Ўзбекистон – улкан имкониятларга эга катта мамлакат” номли тадбиримизда қатнашиб, уни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдираман. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ЖСТга қўшилиш жараёни юзасидан очиқ мулоқот ўтказдик. Британия ҳукуматининг бу жараённи тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани — бугунги муносабатларимиздаги ишонч ва дўстликнинг ёрқин намунасидир, — деб ёзди Мирзиёева ўз Telegram-каналида.

Ташриф доирасидаги учрашувлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши кутилмоқда. Британия инвестиция салоҳияти ва Ўзбекистондаги кенг имкониятлар бирлашса, бу нафақат иқтисодий, балки маданий ва технологик алоқаларни ҳам мустаҳкамлайди.

Саида Мирзиёеванинг Лондонга ташрифи — Ўзбекистоннинг очиқ, замонавий ва ҳамкорликка тайёр давлат сифатидаги янги қиёфасини намоён этди. Бу мулоқотлар “Янги Ўзбекистон” ғоясининг халқаро майдонда ҳам амалда тасдиқланаётганини яна бир бор кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Саида Мирзиёева: “Янги Ўзбекистон — Британия учун ишончли ҳамкор”